Соҳада янги даврни бошлаб берган қарор
Муносабат
Жорий йилнинг 26 март куни давлатимиз раҳбари иккита муҳим ҳужжатга имзо қўйди. Президентимизнинг Учинчи Ренессанс остонасида турган Янги Ўзбекистон пойдеворини яратиш учун ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга бўлган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари юртимизда маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда янги даврни бошлаб берди, деб баралла айтиш мумкин.
Ушбу қарорда таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоқда. Юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.
Шу билан бирга мазкур қарорда бу борада олиб борилаётган муҳим ишларга қарамасдан, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги янгиланишлар жараёнида маънавий-маърифий ислоҳотларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганлиги қайд этиб ўтилган.
Хусусан, маънавий-маърифий жараёнларни ташкил этишда яхлит тизим мавжуд эмаслиги, халқимиз, айниқса, ёшларни маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилиш борасида етарли даражада ташкилий-амалий ва илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаётгани, ушбу йўналишда давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий секторнинг ижтимоий ҳамкорлиги самарали йўлга қўйилмаганлигига алоҳида урғу берилади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллати, тили ва касбидан қатъи назар, барча ёшларда Ватанга садоқат туйғусини шакллантириш, уларни ўз фуқаролик бурчи ва конституциявий мажбуриятларини бажаришга, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга қодир шахслар этиб тарбиялашни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу маънода, Президентимизнинг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш, маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратиш мақсадида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг бир қатор устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳар иккала қарорда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини тубдан яхшилашга хизмат қиладиган устувор йўналишлар кўрсатиб ўтилган. Бу улуғвор ғояларни ҳаётга татбиқ этиш борасидаги ташкилий ишлар ҳамда тегишли молиявий манбалар асоси яратилган. Ушбу қарорлар ҳаётга тўлиқ татбиқ этилса, шубҳасиз, Ватанимиз тараққиёти, халқ фаровонлигини юксалтириш ҳамда маънавий турмушимизни янада бойитишга эришилади.
Илҳом РАЖАБОВ,
ЎзМТДП Навоий вилояти кенгаши раиси,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.
ЎзА