“Соҳа ривожига менинг ҳиссам” ҳамда “Касаба уюшма билимдони” танловлари ўтказилди
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган “Соҳа ривожига менинг ҳиссам” кўрик-танловида вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган иқтидорли ёшлар ўз соҳаларига оид ижодий ташаббуслари, инновацион лойиҳалари ва амалий таклифлари билан қатнашди.
Иштирокчилар томонидан тақдим этилган ишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳоланди. Энг муносиб деб топилган иштирокчилар танлов ғолибига айланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши раиси Эркинжон Нуралиев танлов ғолибларини қутлаб, мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, меҳнат қилиши ва ўз иқтидорини намоён этиши учун кенг имкониятлар борлигини таъкидлади. Шунингдек, юрт тараққиёти ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ҳар бир ёшнинг муносиб ҳисса қўшиши муҳим вазифа эканини қайд этди.

Шунингдек, “Касаба уюшма билимдони” интеллектуал танлови ҳам ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, билим даражаси ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этган қизғин беллашувга айланди. Унда жами 10 та жамоа иштирок этди. Берилган саволларга энг кўп жавоб топган “Истиқбол” жамоаси юқори натижани қайд этиб, танлов ғолибига айланди.
Ғолиблар ва фаол иштирокчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.
- Касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган танловда иштирок этиш асносида ўз соҳамга оид таклифларимни тақдим этиш имконига эга бўлдим, – дейди “Соҳа ривожига менинг ҳиссам” кўрик-танлови ғолибаси Хушноза Абдуллаева. – Бу ерда турли соҳаларда меҳнат қилаётган ташаббускор ёшларнинг тажрибаси билан танишдик, фикр алмашдик. Бундай танловлар инсонни изланишга, янгилик яратишга ва ўз устида ишлашга ундайди. Бугунги эътироф эса келгусида янада кўпроқ меҳнат қилиш, жамоамиз ва соҳамиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш учун менга катта куч ва илҳом бағишлайди.

Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбир доирасида 50 нафар фаол ёшлар вилоят касаба уюшмалари кенгаши томонидан кўҳна кент – Самарқандга саёҳатга юборилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА