Соғлом ва баркамол авлод – тараққиёт пойдевори
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз таълим, илм-фан, ёшлар тарбияси, инсон қадри, соғлом турмуш тарзи ва жамият тараққиёти каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбарининг “Биз бугун кечагидан кучлимиз. Насиб этса, эртага бундан ҳам кучли бўламиз”, деган сўзлари ҳар бир соҳада меҳнат қилаётган инсонни янги мақсадлар сари интилишга ундайди. Бу фикр, айниқса, ёшлар таълими ва тарбияси билан шуғулланаётган педагоглар учун катта масъулият юклайди.
Бугунги кунда жисмоний маданият ва спорт соҳасининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Чунки соғлом авлод — мамлакат тараққиётининг муҳим асосларидан биридир. Жисмоний тарбия инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, ёшларда интизом, ирода, мақсадга интилиш, жамоавийлик ва ватанпарварлик каби фазилатларни шакллантиради.
Президентимиз нутқида ёшлар мамлакатимизнинг энг катта бойлиги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи эканини таъкидлади. Бу фикр биз, профессор-ўқитувчилар зиммасига катта вазифа юклайди. Зеро, бугун таълим олаётган талаба эртага жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритадиган мутахассис, жумладан, ёш авлодни тарбиялайдиган педагог ва мураббий бўлади.
Жисмоний маданият соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳам замонавий ёндашув талаб этилади. Бугунги талабадан нафақат жисмоний машқлар ва спорт назариясини билиш, балки замонавий педагогик технологиялар, спорт психологияси, физиологияси, рақамли технологиялар ва инновацион методларни ўзлаштириш ҳам талаб этилади. Шунинг учун таълим жараёнида талабаларнинг назарий билимини амалиёт билан уйғунлаштириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимиз спортчилари эришаётган халқаро натижалар ҳам ёшларга яратилаётган имкониятларнинг амалий самарасини кўрсатмоқда. Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги муваффақиятлар, ёш спортчиларнинг жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги ғалабалари барчамизда фахр туйғусини уйғотади.
Шу нуқтаи назардан, олий таълим муассасаларида оммавий спортни янада ривожлантириш, талабаларни мунтазам равишда спорт билан шуғулланишга жалб этиш муҳимдир. Чунки спорт фақат юқори натижага эришиш воситаси эмас, балки соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишнинг самарали воситасидир.
Президент нутқида илгари сурилган ғоялар биз, педагоглар учун ҳам ўзига хос дастуруламалдир. Ёшларга сифатли таълим бериш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини ривожлантириш, соғлом ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш барчамизнинг умумий вазифамиздир.
Ишончим комилки, бугунги ёшларга яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, билим ва меҳнатни спорт билан уйғунлаштирган ҳолда, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган янги авлодни тарбиялай оламиз. Зеро, соғлом авлод — кучли давлат, билимли ва баркамол ёшлар эса юртимизнинг мустаҳкам келажагидир.
Азамат Султонсуйунов,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети
Жисмоний маданият назарияси ва методикаси кафедраси мудири, профессор
ЎзА