Соғлом оила жамият таянчи
Асака туманида "Соғлом оила – мустаҳкам оила" лойиҳаси доирасида спорт мусобақалари ўтказилди.
15 май – Халқаро оила куни олдидан, қолаверса, Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси томонидан амалга оширилаётган лойиҳа доирасида партиянинг Асака туман кенгаши ташаббуси билан “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида соғломлаштириш тадбири ва спортнинг волейбол, шахмат, шашка турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Унда партия фаоллари, депутатлар, тиббиёт ходимлари ҳамда уй бекалари иштирок этди. Тадбир очилишида сўз олганлар мамлакатимизда, хусусан, Андижонда аҳоли ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, айниқса, хотин-қизлар, уй бекаларини спортнинг оммавий турларига жалб этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади.

Иштирокчиларга партия фаоллари, тиббиёт ходимлари томонидан ЎзЛиДеП “Аёллар қаноти” амалга ошираётган қатор лойиҳалар мазмун-моҳияти, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, саломатликни сақлашда тўғри овқатланишнинг аҳамияти хусусида кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Партия фаоллари, депутатлар, шунингдек, тиббиёт ходимлари ҳамда уй бекаларидан тузилган жамоалар ўртасидаги волейбол, шахмат, шашка мусобақалари қизғин ва муросасиз баҳслар остида ўтди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортнинг оммавийлигини ошириш, хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилган спорт мусобақалари иштирокчиларга кўтаринки кайфият, шижоат ва саломатлик бағишлади.

Якунда мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА