Соғлом келажак учун имкониятлар эшиги
11-12 май кунлари “Пойтахт” бизнес-марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун онлайн форматда “Тамакисиз келажак сари” семинар-тренинги бўлиб ўтди.
Семинар-тренинг «Ибн Сино» жамоат фонди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг «Тамакисиз келажак сари!» лойиҳасини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон журналистларини қайта тайёрлаш маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаоллигини оширишни қўллаб-қувватлаш маркази ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан тамаки истеъмол қилишнинг инсон танасига таъсири, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ноқонуний олиб кирилаётган тамаки маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, Ўзбекистоннинг амалдаги тамакига қарши қонунчилиги ва аҳоли ўртасида тамакидан фойдаланишни камайтириш бўйича оммавий ахборот воситаларида материалларнинг турлари муҳокама қилинди.
ХХ асрда тамаки 100 миллион одамнинг ёстиғини қуритди. Ҳозирги тенденциялар сақланиб қолганда, ХХI асрда яна бир миллиард ўлим тамаки билан боғлиқ бўлади. Тегишли чоралар кўрилмаса, 2030 йилга келиб тамакига боғлиқ ўлим ҳолатлари сони йилига 8 миллиондан ошиб кетади.
Семинар-тренинг якунида журналистлар ва блогерлар ўртасида ОАВда эълон қилинган энг яхши ахборот материали учун танлов эълон қилинди. Танлов натижалари шу йилнинг ноябрь ойида эълон қилинади.
Гулнора Ғуломова,
ЎзА