“Сўғдиёна”га “янги қон” зарурга ўхшайди
Бугун футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида Муборакнинг “Машъал” ва Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги баҳс билан 11-турга якун ясалиб, FIFA кунлари муносабати билан мамлакат биринчилигида жамоаларга танаффус берилади.
Ушбу турда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ўз майдонида Бухоронинг “Бухоро” клубини қабул қилди. Бу учрашув ҳар иккала жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эди. Биринчидан, ҳар иккала жамоа турнир жадвалида ёнма-ён, яъни 14- ва 15-поғоналарда бораётгани бўлса, иккинчидан, бундан 3-4 йил муқаддам бугун “Бухоро” жамоасини бошқараётган Улуғбек Бақоев айнан “Сўғдиёна”да бош мураббий эди ва у жиззахликлар жамоасини Ўзбекистоннинг вице-чемпиони қилган, Осиё кубоги баҳсларида анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлган эди. Бу турда эса Бақоев ўзининг собиқ жамоасига қарши бугунги шогирдлари “Бухоро” жамоасини майдонга бошлаб тушди. Шу сабабдан ҳам ўйин муросасиз ва кескин бўлиши кутилаётган эди. Амалда шундай ҳам бўлди.

Ўйиннинг 16-дақиқасида Жиззах футболи тарбияланувчиси, “Сўғдиёна”нинг собиқ футболчиси, бугун меҳмонлар таркибида тўп сураётган Шаҳбоз Жўрабековнинг олисдан берган кучли зарбаси йўл-йўлакай “Сўғдиёна” ҳимоячиси Отабек Аҳадовга тегиб, дарвоза тўридан жой олди – 0:1.
Ўтказиб юборилган голдан сўнг майдон эгалари рақиблари дарвозаси олдида босимни янада оширди. Ниҳоят ўйиннинг 23-дақиқасида Суҳроб Иззатовнинг узатмасини, майдон эгаларининг македониялик легионери Люпчо Дориев голга айлантиришни уддалади – 1:1.

Ўйиннинг биринчи бўлими ана шу ҳисоб билан якунига етиб, жамоалар танаффусга йўл олди. Иккинчи бўлимни майдон эгалари бош мураббийи Иван Бошкович бирданига учта ўзгариш билан бошлади. У Беҳруз Жуматов, Дилшод Мисиралиев ҳамда Саҳоб Рашидовлар ўрнига Тожикистон терма жамоаси аъзолари Эҳсони Паншанбе, Зоир Жўрабоев ва жиззахлик ёш футболчи Самандар Мавлонқуловларни майдонга ташлади. Майдон эгаларининг ўйинида ўзгаришлар сезилди, аммо бундан наф чиқмади.

Иккинчи бўлим тўлиқ мезбонларнинг устунлигида ўтиб, кўплаб хавфли вазиятлар яратилди, лекин ана шу вазиятларни голга айлантириш майдон эгаларининг қўлидан келмади. Шу тариқа дарвозаларга бошқа гол киритилмади. “Сўғдиёна” – “Бухоро” якуний ҳисоб – 1:1.
Иван Бошковичнинг тактикасини деярли барча мураббийлар тўлиқ ўзлаштириб бўлишган кўринади. Акс ҳолда деярли иккинчи бўлимда тўлиқ устунликка эришиш, кўплаб хавфли вазиятлар яратиш, узоқдан ва яқиндан ҳам кучли зарбалар йўллаб, гол кирита олмаслик футболчиларнинг руҳиятига жиддий таъсир қилади. Натижада футболчиларда ўз кучларига бўлган ишонч йўқолади. Бу эса футболда жуда ёмон ва хавфли “касаллик” ҳисобланади.

11-тур ўйинлари бугун якунланади. Эртадан FIFA кунлари бошланиб, жамоалар 15 кунлик танаффусга чиқди. Чунки бу кунлари миллий терма жамоалар жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида иштирок этади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам 5 июнь куни Абу-Дабида Бирлашган Араб Амирликларига қарши, 10 июнь куни эса Тошкентда Қатар термасига қарши қарши майдонга тушиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилиши лозим.
Чемпионатимизда юзага келган танаффусдан клуб раҳбарияти унумли фойдаланиб, “Сўғдиёна” га “янги қон” қуйиш керакка ўхшайди. Акс ҳолда катта ва шонли тарихга эга бўлган Жиззахнинг биринчи рақамли жамоаси келгуси мавсумни пролигада ўтказиши ҳеч гап эмас.
11-турнинг қолган баҳсларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Андижон” (Андижон) – “Сурхон” (Термиз) – 2:1, “Насаф” (Қарши) – ОКМК (Олмалиқ) – 2:1, “Нефтчи” (Фарғона) – “Шўртан” (Ғузор) – 4:0, “Навбаҳор” (Наманган) – “Қўқон – 1912” (Қўқон) – 3:0, “Пахтакор” (Тошкент) – Хоразм (Урганч) – 2:1, “Динамо” (Самарқанд) – “Қизилқум” (Навоий) – 3:2.
Бугун “Машъал” – “Бунёдкор” ўйини билан ушбу турга якун ясалади.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири