“Сўғдиёна” яна зафар қучди
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 5-туридан ўрин олган 7 учрашувнинг 4 таси бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 15 апрелидан Бирлашган Араб Амирликларида ўтиши белгиланган U–23 ёшдаги олимпия терма жамоалари ўртасидаги Осиё чемпионатига старт берилади. Шу муносабат билан асосий таркибидан бир қатор иқтидорли футболчилари жалб этилгани суперлиганинг “Олимпик”, “Насаф”, “Пахтакор”, “Нефтчи”, “Навбаҳор” ва бошқа клубларининг илтимослари инобатга олиниб, Ўзбекистон футбол ассосацияси чемпионатимиз 5-туридан ўрин олган 3 учрашувни номаълум муддатга кўчирди.

Бугун Тошкентда Термизнинг “Сурхон” ва Олмалиқнинг ОКМК жамоалари ўртасидаги баҳс билан 5-турга якун ясалади.
Куни кеча мазкур тур доирасида Жиззахда “Сўғдиёна” клуби Навоийнинг“Қизилқум” жамоасини қабул қилди.

Ушбу, ҳар томонлама тенг кучга эга жамоалар мамлакат чемпионати доирасида шу кунгагача 52 маротаба учрашган, бу баҳсларнинг 20 тасида “Сўғдиёна”, 19 учрашувда “Қизилқум” жамоаси ғалаба қозонган, 13 баҳсда кучлар тенг келиб, дуранг натижа қайд этилган. Ҳар икки жамоа бир- бирининг устидан қозонган энг йирик ҳисобдаги ғалабаси ҳам бир хил – 4:1.
Жорий мавсумнинг навбатдаги тури олдидан жиззахликлар 4 учрашувдан 1 ғалаба, 2 дуранг ва 1 мағлубият билан 5 очко жамғариб, турнир жадвалида 8-поғонада, меҳмонлар эса 2 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият билан 7 очко йиққан ҳолда 6-ўринда бораётган эди.

Жиззахда ўтаётган 5-тур баҳси ҳам тенг курашлар остида, галма-гал ҳужумлар билан бошланди. Ўйиннинг биринчи бўлимида майдон эгалари нисбатан хавфлироқ ҳужумлар ташкил этди. Жиззахлик футболчилар ўзларининг ёш иқтидорли ҳужумчиси Самандар Мавлонқуловни икки бор яққол голли вазиятга чиқарди, биринчи сафар Самандарнинг зарбаси бироз ноаниқ кетган бўлса, иккинчи мартасида меҳмонлар дарвозабони билан яккама якка вазиятга чиққан Мавлонқулов “Қизилқум”нинг легионер посбони Робертс Озолсни алдаб ўта олмади.
Ўйиннинг 38-дақиқасида “Сўғдиёна”нинг сербиялик легионери, учрашувдан сўнг “Ўйиннинг энг яхши футболчиси”деб тан олинган Владимир Йовович ажойиб дриблинг билан ҳимоячиларни орта қолдириб, жамоадошларига голли вазиятни яратиб берди. Бир неча уринишлардан сўнг,Самандар Мавлонқулов гол киритб ҳисобни очди – 1:0. Жамоалар ана шу ҳисоб билан танаффусга чиқиб кетди.

Ўйиннинг иккинчи бўлимида “Қизилқум” бош мураббийи Жамшид Саидов ўз шогирдларини жанговар руҳда тайёрлаб чиққани бўлим бошидаёқ кўзга ташланганини тан олиш лозим. Навоийлик футболчилар салкам бутун бўлим давомида майдонда устунлик қилиб, кетма-кет ҳужумлар ташкил этди. Аммо иккинчи рақам остида, ишончли ҳимояланиб, қарши ҳужум тактикасида тўп сурган Иван Бошкович шогирдлари рақибларига нисбатан кўпроқ хавфли вазиятлар яратди. Лекин ҳар сафар “Қизилқум” дарвозабони жамоасини яққол голлардан қутқариб қолди.

Шундай қилиб, ушбу учрашувда бошқа гол киртиш ҳеч бир жамоага насиб этмади. “Сўғдиёна” – “Қизилқум” – якуний ҳисоб 1:0. Жиззахликлар 8 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 6-поғонага кўтарилиб олди.
Суперлига 5-тури доирасидан ўрин олган Тошкентнинг “Локомотив” ҳамда Андижоннинг “Андижон” жамоалари ўртасидаги баҳс 1:2 ҳисобида меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланди. Тошкентдаги яна бир баҳсда Самарқанднинг “Динамо” жамоасини қабул қилган “Бунёдкор” бутун ўйин давомида 1 киши кам бўлиб ўйнаганига қарамай,0:0 ҳисобидаги нурсиз дурангга имзо чекиб, 1 очколи бўлди.
Суперлига баҳсларида энди 1 ойдан сал кўпроқ вақтга танаффус эълон қилинди.Бу оралиғда 1-лига, пролига ва суперлига клублари гуруҳларга бўлинган ҳолда Ўзбекистон кубоги баҳсларида иштирок этади.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири