“Сўғдиёна” кейинги босқичда
Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” марказий стадионида майдон эгалари Муборак шаҳрининг “Машъал” клуби билан кечган баҳснинг қўшимча бўлимларида мағлубиятга учратиб, Ўзбекистон кубогининг чорак финалига йўл олган 7-жамоа бўлди.
Ўйин “Сўғдиёна” футболчиларининг яққол устунлиги билан бошланди. Учрашувнинг 24-дақиқасида жиззахликлар футболчиси Шавкат Саломов ҳисобни очди – 1:0. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Абдужалил Маназаров гол киритиб ҳисобнинг – 2:0 бўлишини таъминлади.

Барча футбол мухлислари, Улуғбек Бақоев шогирдлари ўйлагандек, “Муборакликлар устидан осонгина ғалабага эришамиз”, деган хаёлга боргани турган гап. Аммо про лига вакили “Машъал” клуби футболчиси Музаффар Абдуллаев учрашувнинг 38-дақиқасида ҳисобдаги фарқни қисқартирган бўлса, (2:1), 2-бўлимнинг 77-дақиқасига келиб, қашқадарёлик Худоёрхон Саъдуллаев мезбонлар дарвозасига 2-голини киритди ва учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисобида якунланишига ўз ҳиссасини қўшди.
Ўйинни бошқарган ҳакам Султонмурод Абдураҳмонов ғолибни аниқлаш учун ҳар бири 15 дақиқадан вақт белгилади.

“Машъал” жамоаси футболчилари қўшимча бўлимларда жисмонан толиқиб қолгани сезилди. Қўшимча бўлимлар нисбатан тажрибали бўлган жиззахликларнинг тўлиқ устунлигида ўтди. 3-бўлимнинг 95-дақиқасида Хислат Ҳалилов ҳисобни – 3:2, 101-дақиқада Ҳусниддин Ғофуров – 4:2 ва 116-дақиқада Сардор Қулматов – 5:2 га етказиб, “Сўғдиёна”ни чорак финалга чиқишини таъминлади. “Сўғдиёна” – “Машъал” якуний ҳисоб – 5:2.

Ўзбекистон кубоги ним чорак баҳсларидаги қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди – Тошкентнинг “Бунёдкор” ва “Локомотив” жамоалари ўртасидаги баҳснинг асосий ва қўшимча таймларида дуранг 2:2 натижаси қайд этилди. Пенальтиларда “темирйўлчилар”нинг қўллари баланд келиб, 4:5 ҳисобида зафар қучди.
Шунингдек, “Андижон” (Андижон) – “Турон” (Яйпан) – 3:2, “Пахтакор” (Тошкент) – “Шўртан” (Шўртан) – 5:0, “Олимпик” (Тошкент) – “Навбаҳор” (Наманган) – 0:1, “Қизилқум” (Навоий) – “Қўқон-1912” (Қўқон) – 2:1.
А.Қаюмов, ЎзА