SMEC компанияси вакиллари билан учрашув
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов халқаро консалтинг ва муҳандислик соҳасида фаолият юритувчи SMEC компанияси вакиллари билан учрашди.
SMEC – муҳандислик ва инфратузилма соҳасида фаолият юритувчи Бельгиянинг халқаро консалтинг компанияси бўлиб, 40 дан ортиқ мамлакатда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Ўзбекистонда эса 1999 йилдан буён сув хўжалиги, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат бошқаруви соҳаларида фаолият юритмоқда.
Ҳокимлик ахборот хизматининг хабар беришича, мулоқот давомида ирригация тизимини янада такомиллаштириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, Навоий халқаро аэропорти фаолиятини ривожлантириш ва унинг логистика салоҳиятини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда истиқболда SMEC компанияси билан ҳамкорликда Навоий вилоятининг инвестициявий, саноат ва туризм салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб этиш мақсадида Германия ҳамда Франция давлатларида вилоят тақдимотларини ташкил этиш режалари ҳам муҳокама қилинди.
Томонлар мазкур йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришди.
А.Бўриев, ЎзА