“Сиёсатчи аёллар клуби” ташкил этилди
Бухорода аёл депутатлар ҳамда уларга “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктирилган ёшлар ва фахрий аёллар иштирокида “Сиёсатчи аёллар клуби”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сўзга чиққан партия вилоят кенгаши раиси Ражаббой Ҳасанов тадбир иштирокчиларини баҳор айёми ва 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий қутлади. 2019 йилда партия вилоят кенгаши қошида ташкил этилган “Депутат аёллар клуби”нинг фаолияти сарҳисобига алоҳида тўхталди. Эришилган ютуқлар, камчиликлар ва “Сиёсатчи аёллар клуби” фаолиятида амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги муҳим масалаларга эътиборни қаратди.

Таъкидлаш ўринли, “Депутат аёллар клуби” аъзолари томонидан партиянинг “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни бепул касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган, “Устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш мақсадида маҳаллаларда истиқомат қилаётган “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган, вақтинча ишсиз хотин-қизлар қўшимча бепул касб-ҳунарга ўргатилмоқда.

Шунингдек, клуб аъзолари томонидан “Уйма-уй” лойиҳаси орқали жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари билан биргаликда тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирокида 2019-2024 йиллар мобайнида 8364 та хонадонларга ташриф буюрилиб, уларда жами 4018 нафар хотин-қизлар қамраб олинди ҳамда хотин-қизлар муаммолари билан боғлиқ 3045 та мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

Тадбирда партиянинг вилоят кенгаши депутати Абира Ҳусейнова ҳамда Бухоро туманидан депутат Нафиса Ғайбуллаева “Сиёсатчи аёллар клуби” фаолиятини самарали ташкил этишда Хотин-қизлар сиёсий фаоллигини оширишнинг усул ва воситаларини “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши фаолияти мисолида кенг талқин этишди ва депутатларга фаолликни ошириш юзасидан керакли таклиф ҳамда тавсиялар берди.

Шундан сўнг, партия Марказий кенгаши Ўқув – тадқиқот ва таҳлил маркази томонидан тайёрланган “Тўй бу бахтми ёхуд миллатимиз иллатлари” фильми намойиш қилинди. Клуб аъзолари томонидан кенг жамоатчилик ўртасида мазкур мавзу юзасидан режа асосида муҳокамалар ўтказиш шу билан бирга тўй тадбирларини ихчамлаштиришга оид таклифларни умумлаштириш юзасидан келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири