Сиёб ариғи бўйларида Наврўз сайиллари
Юртимиз шаҳар ва қишлоқларида Наврўз шодиёналари бошланди. Самарқанд шаҳрида ҳам бугун эрта тонгдан карнай-сурнай садолари билан эл байрам сайилларига чорланди.
Алишер Навоий номидаги Марказий истироҳат боғи ва шу номдаги кўча, “Мўъжиза” амфитеатри байрам руҳига мос тарзда безатилди.
Вилоят бошқарма ва идоралари, корхона ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари, маҳаллалар, таълим муассасалари ўзлари учун ажратилган жойларда саҳна ўрнатиб, байрам дастурлари намойиш этди. Миллий халқ ўйинлари, спорт мусобақалари, ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмалари ўтказилди.
– Наврўз бир неча минг йиллик тарихга эга миллий байрамимиз, инсон ва табиатнинг муштараклиги рамзи, шарқона янги йил, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат айёмидир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. – Шунинг учун ҳам халқимиз Наврўз тақиқланган даврларда ҳам бу байрамни яширинча бўлса-да нишонлаган, у билан боғлиқ анъана ва маросимларни ўтказган. Айни пайтда юртимизда Наврўз ҳар йили янгича мазмун, ғоя билан кенг нишонланмоқда, ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарорига кўра, бу йил мамлакатимизда мазкур байрам “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайиллари шаклида ўтказилмоқда. Бугун вилоятимизнинг асосий байрам тадбирида ҳам табиат ва борлиқнинг уйғониб, янгиланаётгани, Наврўз ҳар бир инсон қалбига янги орзу-умидлар, мақсад ва режалар уйғотгани ўз аксини топмоқда.
Бу йилги байрам тадбирлари илк бор шаҳардаги Сиёб ариғи бўйларида ҳам оммавий сайил сифатида нишонланди.
Вилоят ҳокимлигининг ташаббуси билан кейинги бир йил ичида ушбу қадимий ариқ ва унинг атрофи самарқандлик тадбиркорлар, маҳаллалар аҳли кўмагида тозаланиб, обод қилинди. Ноқонуний қурилишлар бартараф этилди. Бир нечта кўприклар, 18 километрдан ортиқ пиёдалар йўлаклари қурилди.
[gallery-16500]
– Ота-боболаримиздан илгари Сиёб, Оби Раҳмат сингари қадимий ариқлар бўйида Наврўз, ҳайит ва бошқа байрам сайиллари ўтказилгани ҳақида эшитганмиз, – дейди Самарқанд шаҳар Оби Раҳмат маҳалласида яшовчи Насиба Сайфиева. – Лекин кейинчалик бу жойлар умуман эътибордан четда қолиб, турли хил қурилишлар амалга оширилган. Аҳоли ҳам ариқ бўйларини эгаллаб олиб, ҳатто оқова ташлаши кузатилди. Бир пайтлар шу ариқ сувидан истеъмол қилинган бўлса, кейинчалик чиқинди ва бошқа оқовалар оқизилиши натижасида қўл ювишга ҳам иккиланардик. Ўтган йил ариқ ва унинг атрофини обод қилишга киришилгач, шундай кўркам жой, хиёбон пайдо бўлишини тасаввур ҳам қилмагандик. Мана бугун Сиёбда зилол сув оқяпти. Ариқ бўйларида одамлар сайрга чиқяпти. Наврўзни ҳам маҳалламиз аҳли билан бирга шу ерда нишонладик.
Байрам сайлларида вилоят ҳокими Э.Турдимов ва фаоллар иштирок этиб, юртдошларимиз ва меҳмонларни Наврўз билан табриклади. Сайил қатнашчилари томонидан намойиш этилган маданий дастурлар, спорт мусобақалари ва миллий халқ ўйинлари, турли кўргазмаларни томоша қилди.
– Уч ойдирки, Самарқанддаман, – дейди германиялик талаба Тереза Тролл. – Немис тили мутахассислиги бўйича олий ўқув юртида таҳсил оламан. Ўзбекистон, Самарқанд ҳақида кўп эшитгандим. Бу ерга келиш орзуим эди. Ўқув юртимизда амалиётни Ўзбекистон мактабларида ўташ бўйича маълумот берилди. Шу тариқа орзуим амалга ошиб, Самарқанддаман. Наврўз сайлини кўриб таассуротларим янада бойиди. Бетакрор миллий рақслар, таомлар, либослар, одамларнинг хушчақчақ байрамона кайфияти кишига ўзгача завқ беради. Буни янада кучли ҳис этиш учун мен ҳам ўзбек миллий либосидан кийиб олдим. Ҳаммаси ажойиб. Агар ўқишни тугатганимдан сўнг бу ерда ишлаш имконияти туғилса, албатта, яна келаман.
Байрам муносабати билан “Мўъжиза” амфитеатрида театрлаштирилган томошалар, самарқандлик ва пойтахтдан келган санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Наврўз байрам тантаналари вилоят бўйлаб давом этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари