Сирдарёнинг янги раҳбари ишни Ховос зиёратидан бошлади
Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодиров вилоятдаги фаолиятини Ховос туманида жойлашган «Ҳасти бузургон» — Бобо Жобир қадамжосини зиёрат қилишдан бошлади.
Зиёратгоҳ Ховоснинг тарихий-маънавий меросини ўзида мужассам этган табаррук масканлардан бири ҳисобланади. Маҳаллий ривоятларда Бобо Жобир Ислом динини тарқатиш ва аҳоли орасида маърифатни ёйишга ҳисса қўшган улуғ инсон сифатида эъзозланади. Қадамжо асрлар давомида шаклланган диний қадриятлар, аждодлар мероси ва халқ хотираси билан чамбарчас боғлиқ.

Зиёратда туман ҳокими, вилоят Нуронийлар жамғармаси раиси, меҳнат фахрийлари ва маҳалла фаоллари ҳам иштирок этди. Дониёр Қодиров улар билан суҳбатлашиб, ҳудуднинг бугунги ҳаёти ва истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр алмашди.
— Сизлар билан учрашганимдан, танишганимдан хурсандман. «Меҳр кўзда» деган гап бор. Бундан буён тез-тез кўришиб турамиз. Меҳнатсиз, интизомсиз ҳеч қаерда барака бўлмайди. Буни ҳаммангиз мендан яхши биласизлар. Муҳтарам Президентимиз ҳам менга шундай вазифа қўйдилар: «Сирдарёда намуна бўлиши керак. Сирдарёда камбағал қолмаслиги, ишсизлик бўлмаслиги керак», дедилар. Жойимиз, имкониятимиз бор, меҳнаткаш халқимиз бор. Бошимизда шундай раҳбаримиз бор экан, нега бу вазифаларни бажармаслигимиз керак? Айтяпман-ку, битта мақсад сари биргаликда интилсак, Худо хоҳласа, натижамиз яхши бўлади, — деди Дониёр Қодиров.

Суҳбат давомида ҳудуднинг тарихий-маънавий меросини асраб-авайлаш, миллий қадриятларни эъзозлаш, ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишда ҳамжиҳатлик ҳамда ташаббускорликнинг аҳамияти таъкидланди.

Сирдарёда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳар бир хонадон фаровонлигини юксалтириш умумий мақсад йўлида бирлашишни тақозо этади. Бу борада меҳнаткаш халқнинг салоҳияти, нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси ва ҳамжиҳатлик муҳим омиллардан саналади.
Бу масала Сирдарёда яна бир бор кун тартибига чиқди. Энди асосий эътибор белгиланган мақсадларнинг амалий натижаларда ўз аксини топиши, ҳар бир ташаббус аҳоли ҳаётида ижобий ўзгаришларга айланишига қаратилади. Зеро, ҳақиқий натижа сўзда эмас, амалий ишлар ва одамлар ҳаётидаги ўзгаришларда намоён бўлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири