Сирдарёлик ёш шахматчилар олтин ва бронза медалларини қўлга киритди
Андижон вилоятида 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган ёшлар ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионатида Сирдарё вилояти вакиллари муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этди.
Хусусан, 17 ёшгача бўлган тоифада рапид йўналишида иштирок этган Боёвут туманидаги 9-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Малика Жумаева 9 та партиядан 8 балл жамғариб, ишончли тарзда чемпионликни қўлга киритди. Унинг барқарор ўйини, ҳар бир партиядаги пухта ҳисоб-китоблари ва стратегик ёндашуви мутахассислар томонидан юқори баҳоланди.

Мазкур мусобақада 17 ёшгача бўлган тоифада иштирок этган яна бир сирдарёлик ўқувчи — Сарвиноз Орзиқулова ҳам рапид йўналишида муваффақиятли иштирок этиб, олтин медалга сазовор бўлди. 13 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида эса Билолхўжа Ҳасанов стандарт йўналишда муносиб иштирок этиб, бронза медални қўлга киритди.

Қайд этиш жоиз, Малика Жумаева учун бу ютуқ тасодифий эмас. У сўнгги йилларда халқаро ва республика миқёсидаги мусобақаларда барқарор натижаларни қайд этиб келмоқда. Жумладан, 2023 йилда БААнинг Ал-Айн шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида блиц йўналишида бронза медални қўлга киритган. 2025 йил январь ойида Андижонда бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида учта бронза медалига сазовор бўлган бўлса, март ойида Самарқанд шаҳридаги халқаро “Women Chess” мусобақасида ҳам совриндорлар сафидан жой олган.

Айниқса, унинг мусобақалардаги барқарор натижалари ва иродаси алоҳида эътиборга лойиқ. Ёш бўлишига қарамасдан, у бу йил шахмат бўйича “Спорт устаси” унвонига сазовор бўлди. Бу эса унинг келгусида янада юксак натижаларга эришиши учун мустаҳкам замин яратади.

– Бундай натижага эришишимда марҳум устозим Маматқул Ҳайлаев, оилам ва устозларимнинг ҳиссаси катта, деб ўйлайман. Муҳими, бундай мусобақаларда иштирок этиб, нафақат ғалаба қозониш, балки келажакда халқаро гроссмейстер бўлиб, юртим байроғини жаҳон чемпионатларида баланд кўтаришни орзу қиламан, – дейди Малика Жумаева.
Мутахассислар таъкидлашича, ёш шахматчиларнинг бундай ютуқлари ҳудудда шахмат спортига бўлган эътибор ортиб бораётганини кўрсатади. Бу эса келгусида халқаро майдонларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган иқтидорли спортчилар сафи кенгаяётганидан далолат беради.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири