Сирдарёлик ўқувчилар юксак марраларни забт этишмоқда
Жорий ўқув йили якунларига кўра, Сирдарё вилояти ўқувчилари халқаро ва республика миқёсидаги олимпиада ҳамда танловларда жами 35 та юқори натижани қайд этди. Жумладан, 11 та халқаро медаль қўлга киритилди, республика босқичидаги олимпиадаларда 7 та совринли ўрин эгалланди. Шунингдек, 17 нафар 11-синф битирувчиси олимпиадалардаги муваффақиятлари асосида олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз ўқиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Вилоят мактаб ўқувчилари математика ва информатика фанлари бўйича Греция, Туркманистон ва Қозоғистонда ўтказилган халқаро олимпиадаларда муносиб иштирок этишиб, совриндорлар сафидан жой олишди. Республика фан олимпиадалари, ПИИМА STEM олимпиадаси ҳамда ихтирочилик йўналишидаги танловларда қўлга киритилган натижалар ҳам ўқувчиларнинг юқори билим ва салоҳиятларини намоён этишди.
Халқаро олимпиадаларда юқори натижа қайд этган ўқувчилар орасида Янгиер шаҳридаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Достонбек Раҳмонқулов алоҳида ажралиб турди. У бир ўқув йили давомида 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.

Гулистон шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Азизбек Мамажонов Грецияда ўтказилган 43-Болқон математика олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлди. У, шунингдек, Республика STEM олимпиадасида иккинчи ўринни эгаллади.
Ёш совриндорлар сафида бошланғич синф ўқувчилари ҳам бор. Хусусан, “Alpha School” нодавлат таълим муассасасининг 4-синф ўқувчиси Қодирбек Тўлаганов TASIMO–2026 халқаро математика олимпиадасида олтин медални қўлга киритди.
Натижалар таҳлилига кўра, ҳудудлар кесимида Гулистон шаҳри 13 та соврин билан биринчи ўринни эгаллади. Янгиер шаҳри ҳисобига 8 та, Гулистон тумани ҳисобига эса 6 та соврин тўғри келди.

Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ва таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Сирдарё вилояти ўқувчиларининг халқаро ва республика миқёсида қўлга киритаётган ютуқлари бунинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири