Сирдарёлик ўқувчилар Огаҳий номидаги ижод мактабида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Маълумки, ижод мактаблари ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, ўқувчиларнинг ижодий фаолиятини янада ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиш, уларни ҳудудлар ва улардаги тарихий ёдгорликлар, маҳаллий анъаналар, этнография, фольклор билан яқиндан таништириш мақсадида “Ўқувчи алмашиш” дастури йўлга қўйилган.
Дастур доирасида Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабидан 10 нафар 9-синф ўқувчиси Хива шаҳрида жойлашган Огаҳий номидаги ижод мактабига етиб келди.
[gallery-14838]
Лойиҳа тизимда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, ўқувчиларни сифатли таълим олишига кенг имконият яратиш, ҳудудлар ва улардаги тарихий ёдгорликлар, маҳаллий анъаналар, этнография, фольклор билан яқиндан таништириш, ўзаро фикр алмашиш, ижод мактабларининг илғор иш тажрибаларини оммалаштириб, ижодий фаолиятини янада ривожлантириш мақсадига қаратилган.
Бир ҳафта мобайнида сирдарёлик ўқувчилар мактабдаги дарс жараёнларида фаол иштирок этиш билан бирга, кўҳна воҳа тарихи, маданияти билан яқиндан танишади, муқаддас қадамжолар, “Ичанқалъа” мажмуаси, Урганч шаҳридаги ўзига хос беқиёс манзилгоҳга айланган “Жалолиддин Мангуберди” майдони, “Ёшлар кутубхонаси”га саёҳат қилиб, кўплаб маълумотларга эга бўлади.
Беҳзодбек САИДОВ(сурат),ЎзА