Сирдарёдаги лойиҳалар ўрганилмоқда
Маҳаллаларни жиноятдан ҳоли, хавфсиз ҳудудга айлантириш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоли масалаларни манзилли ҳал этиш бугунги куннинг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борадаги ишларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Исламов ҳамда Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида навбатдаги ўрганиш ишларини бошлади.

Бунда асосий эътибор ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, маҳалла фаоллари ҳамда профилактика инспекторларининг ҳамкорликда аҳолини камбағалликдан чиқариш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган фаолияти ва сектор раҳбарларининг ташаббускорлиги жойларда маҳаллабай таҳлил қилинмоқда.
Дастлаб ишчи гуруҳ аъзолари Сирдарё туманидаги Фурқат маҳалласида жойлашган “Ўзбекистон-Хитой" дўстлик боғи майдонида маҳалла ёшларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун яратилган шароитлар билан танишди. Эътиборлиси, бир неча йилдан бери фаолият кўрсатаётган мазкур майдонда ҳозирги кунда 113 турдаги спорт анжомлари мавжуд бўлиб, қарийб 1500 га яқин ёшлар спорт тўгаракларига жалб этилган.

Кейинги манзил ушбу туманда ташкил этилган узумчилик плантацияси бўлди. Плантация 100 гектардан иборат бўлиб, 300 нафар ишчини қамраб олиш қувватига эга. Плантациянинг йиллик даромади 860 млн. доллардан зиёд бўлиб, йиллик ҳосил 2 350 тоннани ташкил қилиши режалаштирилган. Масканда ишчи гуруҳ аъзолари энг сердаромад соҳалардан бири бўлган узумчилик йўналишида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди.
Шунингдек, мутасаддилар туманнинг “Илғор” маҳалласида бўлиб, ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, банд бўлмаган ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш борасидаги режа ва таклифлар тингланди.

Намуна сифатида маҳалладаги “Тинибек бобо” фермер хўжалиги ҳақида маълумот берилди. Унда 50 нафар маҳаллий ёшнинг бандлигини таъминлаш учун 25 сотихдан ер майдонлари ажратиб берилган.
Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Қуёш” маҳалласида истиқомат қилувчи Исроил Чакаров хонадонидаги иссиқхона фаолияти билан танишди. Майдони 15 сотих бўлган ушбу иссиқхонада 5 нафар маҳаллий фуқароларнинг бандлиги таъминланган. Aсосан, помидор етиштириш билан шуғулланадиган И.Чакаров иссиқхонадан йилига 2 мартагача ҳосил олмоқда.
Мазкур маҳалла чегара ҳудуд ҳисобланиб, унда “Ўзбекистон-Қозоғистон“ халқаро чегара пости иш олиб бормоқда. Республика ишчи гуруҳи аъзолари ушбу масканда бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ишчи гуруҳ аъзолари Сирдарё туманидаги “Мега люкс“ корхонасига бориб, чет элдан қайтган меҳнат мигрантлари учун ташкил этилган ярмаркада иштирок этди. Унда 81 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 41 нафар фуқарога мономарказга йўлланма берилди, яна 39 нафар фуқаро шу жойда иш билан таъминланди.
Сўнг ишчи гуруҳ аъзолари Сайхунобод туманида “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларида турган фуқаролари бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

“Бахмалсой” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Политех Сирдарё“ кластерига ҳам борилди. Замонавий технология билан жиҳозланган ип-калава ишлаб чиқаришга мўлжалланган кластерда мутасаддилар ишчи ходимлар фаолияти, корхонанинг экспорт-импорт салоҳияти билан яқиндан танишди. Эътиборлиси, ушбу масканда ҳудудда истиқомат қилувчи 400 нафар махсус дафтарга киритилган фуқароларнинг бандлиги таъминланган.
Гулистон шаҳар 4-секторга қарашли “Юксалиш“ маҳалласи биносида маҳалла раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ҳамда аёллар фаоли билан суҳбатлашилди. Танқидий учрашувларда масъулларга мавжуд муаммо ва камчиликлар бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Ш.Суяров, ЎзА