Сирдарёда “Ёшлар ва сайлов” форуми
27 октябрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлади.
Ёшларимизнинг мамлакат келажаги учун муҳим бўлган сиёсий жараёнларда фаол иштироки катта аҳамиятга эга.Шу мақсадда Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида бўлгани каби Гулистон шаҳрида ҳам “Ёшлар ва сайлов” форуми бўлиб ўтди. Форум доирасида ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга йўналтирилган интерактив учрашувлар, қизиқарли викториналар ўтказилиб, ёшларнинг сайлов жараёнларидаги иштироки кенг муҳокама қилинди.


Қолаверса, йигит-қизлар учун фойдали бўлган "Ёш сайловчи" викторинаси, "Заковат" интеллектуал ўйинига ўхшаш "Ибрат фарзандлари", "Мутолаа", "Қизлар академияси", "Биласизми?" лойиҳалари доирасидаги ўйинлар ҳамда "Беш ташаббус" мусобақалари ўтказилди.



–“Ёшлар ва сайлов” форуми ўзим тенги йигит-қизлар, сайлов жараёнларида илк бор қатнашаётганлар учун ниҳоятда фойдали бўлди, – дейди Гулистон давлат педагогика институти 3 - босқич талабаси Шоҳжаҳон Ҳамдамов.–Сайлов жараёнларига бағишланган ҳар хил номдаги викторина ва интеллектуал ўйинлар нафақат ёшларни, катта ёшли кишиларнинг ҳам ҳуқуқий билимларини оширишга ёрдам беради. Тинч, озод юртда яшаб, нега энди ўз устимизда ишлаб, ўқимаслигимиз, юртимизда ўтказилаётган муҳим ва сиёсий тадбир, сайлов жараёнларида иштирок этмаслигимиз керак. Чунки, юртда таълим олиш, сайлов жараёнларида фаол иштирок этиш учун барча шарт-шароит бор.

Хуллас, Гулистонда ўтказилган “Ёшлар ва сайлов” форумида икки мингдан ортиқ фаол ёш иштирок этди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири