Сирдарёда эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатилмоқда
Мамлакатимизда аномал совуқ бошланган дастлабки кунларданоқ Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида эҳсон ошлари тайёрланиб, аҳолига тарқатилмоқда. Хусусан, Янгиерлик тадбиркорлар ўнлаб эҳтиёжманд оилаларни электр иситгичлар билан таъминлади. Шунингдек, ижтимоий ёрдам сифатида кўмир ва кўрпалар ҳам тарқатилди.
— Тез орада вилоятдаги жами 236 та маҳалладаги “Ёшлар дафтари”га киритилган минг нафар йигит-қиз бош-оёқ иссиқ кийим билан таъминланди, — дейди Сирдарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Зафар Мирраҳимов. — Зотан, меҳр-мурувватга йўғрилган бундай тадбирларнинг кўлами кенг. Ушбу хайрли ишларда фақат ташкилот ва идоралар эмас, саховатли юртдошларимиз ҳам фаол иштирок этаётгани қувонарли ҳолдир. Таъбир жоиз бўлса, аномал совуқда қийналган оилаларга кўрсатилаётган ёрдам орқали меҳр улашилмоқда.

Ўзбек халқида меҳр-оқибат, инсонийлик, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби фазилатлар ҳамиша қадрланиб келинган. Бундай қадриятларимиз ҳозирги синовли кунларда янада бўй кўрсатмоқда. Aйниқса, боқувчисини йўқотган, ёлғиз қариялар, ногирон ва эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр бериб, дуолари олинмоқда.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан хам Ховос тумани "Соҳибкор" маҳалласида истиқомат қилувчи кам таъминланган ва ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар учун ош тайёрлаб тарқатилди.

Совуқ кунларда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида Сирдарё туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор ва боқувчисини йўқотган мингдан ортиқ оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга 25 килограммдан ун маҳсулоти етказиб берилиб, оғир ижтимоий аҳволдаги, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган 40 та оилага жами 7 минг тонна кўмир тарқатилди.

Ширин шаҳрида хам шундай тадбирлар уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. Шаҳарда жойлашган ҳарбий қисм маъмурияти ва шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда дала ошхонаси фаолиятини йўлга қўйди.
Бу ерда ободонлаштириш бошқармаси ходимлари ҳамда фуқароларга иссиқ чой, қаҳва ва егуликлар таклиф этилмоқда.
Барча шаҳар ва туманларда бундай эзгу тадбирлар уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

Шуҳрат Суяров, ЎзА