Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг Ширин шаҳар жамияти томонидан шаҳар мактаблари қошида фаолият юритаётган ёзги оромгоҳларда мониторинг ўтказилди. Текширувда болалар учун яратилган шароитлар, овқатланиш, гигиена ва тиббий хизмат ҳолатлари кўриб чиқилди.
Ҳозирда 1- ва 3-сон мактаблар қошидаги оромгоҳларда 200 нафарга яқин 1–6-синф ўқувчилари, жумладан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари дам олмоқда. Улар учун икки маҳал иссиқ овқат, турли тўгараклар, спорт ва маданий тадбирлар ташкил этилган.


Ўрганиш давомида оромгоҳлар фаолияти белгиланган меъёрларга мос экани, санитария-гигиена талабларига риоя қилингани қайд этилди. Аниқланган айрим камчиликлар юзасидан эса тегишли тавсия ва огоҳлантиришлар берилди.
****
Сирдарё туманидаги Мажбурий ижро бюроси томонидан тадбиркор фойдасига 324 миллион сўмдан зиёд қарз маблағи мажбурий ижро тартибида ундириб берилди.

Ижро ҳаракатлари Тойлоқ туманлараро иқтисодий судининг 2024 йилнинг 6 сентябридаги қарори асосида амалга оширилди. Суд қарорига кўра, қарздор маиший техника пули сифатида тадбиркорга тўлов қилиш мажбуриятини олган.
Ихтиёрий муддатда қарз тўланмагани боис, қарздорнинг банк ҳисоб рақамларига банд солиниб, мол-мулки хатлов қилинди. Кўрилган чоралар натижасида қарз тўлиқ ундирилиб, тадбиркорнинг ҳисоб рақамига ўтказилди. Шунингдек, 16,2 миллион сўмлик ижро йиғими ҳам қарздор томонидан қопланди.
****
Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида ижтимоий ҳимоя соҳасида инсонпарвар ёндашув асосида янги – кундузги қатнов асосидаги парвариш хизмати ташкил этилди. Ушбу хизмат “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ёки “Камбағал оилалар реестри”да қайд этилган муҳтож фуқаролар учун давлат ҳисобидан бепул кўрсатилади.
– Асосий мақсад – инсоннинг жамиятда фаол ва қадрли шахс сифатида яшашига кўмак бериш, – дейди “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази мутахассиси Санжар Ёқубов.
“Фаол ҳаёт” маркази ходими Ноила Ҳотамқулованинг таъкидлашича, хизмат доирасида овқатлантириш, мулоқот, руҳий қўллаб-қувватлаш, электрон хизматлардан фойдаланишга ўргатиш каби хизматлар тақдим этилади.
Фуқаролар махсус баҳолаш (Бартел ва Лаутон шкалалари) орқали парваришга муҳтож деб топилганидан сўнг, “ваучер” асосида ушбу хизматдан бепул фойдаланиши мумкин.
Мазкур хизмат инсон қадрини улуғлаш ва муҳтожлар ҳаётини яхшилашга қаратилган инновацион ёндашув сифатида эътироф этилмоқда.****
Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида Янгиер шаҳрида хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш ва иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу доирада Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ходими Соҳиба Худоёрова раҳбарлигида Янгиобод маҳалласида ишсиз ва меҳнат бозорида фаол бўлмаган хотин-қизлар учун амалий ўқув машғулотлари ўтказилди. Унда иштирокчилар иссиқхона хўжалиги, биогумус ишлаб чиқариш, чорвачилик, сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва томорқадан самарали фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлишди.
Бундан ташқари, бизнес-режа тузиш, молиялаштириш, субсидия ва имтиёзли кредитлар ҳақида аниқ маълумотлар берилди.
– Машғулотлар орқали хотин-қизларга амалий ғоялар бериш, уларни тадбиркорликка руҳлантириш мақсад қилинди. Иссиқхона ва биогумус ишлаб чиқариш каби йўналишлар қишлоқда барқарор даромад манбаи бўлиши мумкин, – дейди Соҳиба Худоёрова.
Ўқув машғулотлари иштирокчиси Фотима Аманова машғулотлардан сўнг иссиқхона ташкил этиш ва бошқа хотин-қизлар учун иш ўрни яратиш ниятида эканини билдирди.
Машғулотлар давомида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашиш ва жамоавий фаолиятни йўлга қўйиш юзасидан ҳам тавсиялар олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири