Сирдарё ва Хитой ўртасида стратегик ҳамкорлик кенгаймоқда
Сирдарё вилоятида хорижий сармояни жалб этиш, замонавий технологиялар ва инновацион лойиҳаларни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Хитойнинг "China Science Assistance Technology Group Co., Ltd" компанияси президенти билан учрашув ўтказди.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мулоқот очиқ ва конструктив руҳда кечиб, томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилди. Суҳбат давомида ишлаб чиқариш, инновация ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, уларни аниқ ҳудудларда жойлаштириш ҳамда мавжуд инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда хорижий инвесторлар учун Сирдарёда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити, саноат зоналари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда давлат томонидан амалга оширилаётган қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, тайёр инвестиция лойиҳаларини қисқа муддатларда амалга ошириш, ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа экани таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни амалий босқичга тезкор ўтказиш, қўшма лойиҳаларни босқичма-босқич ишга тушириш ҳамда инвестициявий ташаббусларни изчил рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири