Сирдарё ИЭС да Наврўз тантаналари
Сирдарё иссиқлик электр станцияси корхонаси нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда ҳам ўзининг улкан салоҳияти билан ажралиб туради. Корхонада бугунги кунда 2000 дан зиёд нурчилар жамоаси иқтисодиётимизнинг қон томири бўлмиш электр энергиясини узлуксиз таъминлаш борасида кеча-ю-кундуз фидокорона меҳнат қилмоқда.
Наврўз умумхалқ байрами нурчилар корхонасида ҳам ўзгача шукуҳ билан нишонланди. Байрам тадбирига корхонада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, шаҳар нуронийлари, ижтимоий кўмакка муҳтож оила вакиллари таклиф этилди. Сирдарё ИЭС Бош директори Баҳодир Нурдинов Президентимиз раҳнамолигида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз фаровонлиги йўлида ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган улкан ўзгаришлар ҳақида сўзлаб ўтди.


Тадбирда “Энг яхши наврўз таомлари ва эзгу қадриятлар – миллий маданиятимиз ютуқлари” кўрик-танлови ҳам ўтказилди. Бу йилги ўзгача шукуҳ билан ташкил этилган байрамда “Сирдарё ИЭС” корхонасининг хизмат, цех ва бўлимлари жами 22 та жамоаси иштирок этди. Тадбирда, “Энг яхши Наврўз дастурхони”, “Энг яхши миллий таомлар”, “Энг яхши миллий қадриятлар”, “Энг яхши миллий урф-одатлар”, “Энг яхши саҳна кўриниши”, “Энг фаол бўлим”, “Энг яхши ўзгача ёндашув” каби 7 та номинация бўйича ғолиблар аниқланиб муносиб рағбатлантирилди.


Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири