Сирдарёда “Binary” халқаро тадбиркорлик ва менежмент университети ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сирдарё вилоятида “Binary” халқаро тадбиркорлик ва менежмент Университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сирдарё вилоятида “Binary” халқаро тадбиркорлик ва менежмент Университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарорга кўра университетнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
иқтисодиёт тармоқларининг реал эҳтиёжни ҳамда амалга оширилаётган мақсадли ривожлантириш дастурларини ҳисобга олган ҳолда чуқур билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;
хорижий мутахассисларни, шунингдек хорижда фаолият юритаётган ватандоршларимизни жалб этган ҳолда тадбиркорлик соҳасида фаолият юритувчи етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот муасасалари билан кооперацион алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда ўзаро малака алмашинувини йўлга қўйиш;
республика ҳудудларида, хусусан Сирдарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича мавжуд тизимли муаммоларни фундаментал илмий-тадқиқотлар асосида ўрганиш ва тегишли ечимлар ишлаб чиқиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятларини ўрганган ҳолда илғор хорижий тажриба асосида янги тадбиркорлик йўналишларини ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.
Университетнинг умумий фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Университетда ўқитиш Ўзбекистон Республикасида амалдаги мавжуд таълим шакллари ҳамда ўзбек, рус ва инглиз тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилиши белгиланган.
Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул параметрлари республика меҳнат бозори эҳтиёжлари ҳамда университетнинг моддий-техник имкониятидан келиб чиққан ҳолда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.
Қарорда университетда таълим фаолияти 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилиши белгилаб қўйилган.
Университет битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида эътироф этиладиган белгиланган намунадаги диплом берилади. Университетга абитуриентларни қабул қилиш тартиби ва қоидалари университет томонидан белгиланади.
Университетни молиялаштириш талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан олинадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри жойлашган Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари оператив бошқариш ҳуқуқи билан университетга берилади.