Синовли кунларни аҳиллик билан енгамиз
Эл бошига иш тушганда
Гулистон шаҳри Аҳиллик маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси коронавирус инфекцияси тарқаб кетишини олдини олишга қарши бирдамлик ва аҳиллик билан курашмоқда.
Маҳаллада 3 минг 528 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 11 оила кам таъминланган бўлса, 90 нафар оилада ногиронлиги бор фуқаролар истиқомат қилади.
Маҳалладаги кам таъминланган оилаларнинг 3 тасига Гулистон шаҳар ҳокимлиги, 10 тасига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси Гулистон шаҳар кенгаши, яна 10 оилага шу маҳаллада истиқомат қилувчи тадбиркор Р.Максумов моддий ёрдам кўрсатиб, уларнинг уйларига 4 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берди.
Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Раҳмонали ҳожи Аҳмадалиевнинг меҳнат фаолияти ҳайдовчилик билан ўтди. 4 нафар ўғил, 4 нафар қизнинг отаси Раҳмонали ака уларнинг барчасини уйли жойли қилди.

Отанинг маслаҳати билан ака-укалар бирлашиб, ўзлари яшайдиган маҳаллада истиқомат қилувчи 20 нафар кам таъминланган, ногирон, боқувчисини йўқотган оилага 2 килодан ун, макарон, сабзи, пиёз, 1 килодан гуруч, шакар, 1 литрдан ўсимлик ёғи, 1 қути(решотка)дан тухум, 1 донадан совун ва 1 халтадан туз маҳсулотларини маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан биргаликда уйма-уй юриб тарқатиб чиқди.
– Ака-укалар йиғиниб, маҳалла четидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш кичик мажмуасини очиш ниятида эдик, бу ишларни вақтинча орқага суришга тўғри келди, – дейди Раҳмонали ҳожи отанинг учинчи ўғли Шерзод Аҳмадалиев. – Эл бошига иш тушганда, уйда биқиниб ўтиришни ўзимизга эп кўрмай, ака-укуалар бирлашиб, бозордан битта қорамол сотиб олдик. Ҳозир емлаяпмиз, яна озроқ боқиб сўймоқчимиз. Гўшт маҳалламиздаги кам таъминланган, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор, якка ёлғиз қарияларга улашмоқчимиз.