Синовлардан эсон-омон ўтамиз
Баъзан ўйлаб қоламан: ғалати одатларимиз бор-да. Кўпчилигимиз бойларни ёқтирмаймиз, аммо ўзимиз бой бўлишни истаймиз. Мансабдорларга, юмшоқ қилиб айтганда, ўгай кўз билан қараймиз.
Муносабат
Баъзан ўйлаб қоламан: ғалати одатларимиз бор-да. Кўпчилигимиз бойларни ёқтирмаймиз, аммо ўзимиз бой бўлишни истаймиз. Мансабдорларга, юмшоқ қилиб айтганда, ўгай кўз билан қараймиз. Лекин аксариятимиз мансабга интиламиз. Биз фалон-фалон буюкларнинг авлодимиз, деб мақтанамиз, бироқ уларнинг ижодини ўрганишга гўё “эринамиз”, вақтимиз етмайди. Ўша улуғ аждодларимиз тутимига, турмуш тарзига амал қилишнику хаёлга ҳам келтирмаймиз. Бунга ўзимизча асос ҳам топамиз: бугун замон бошқача... Бирон жойимиз сал оғриса? Дўхтирга чопамиз, амvо кўп ҳолларда врачлардан нолиймиз.
Бундай қарама-қарши ҳолатларни яна кўп давом эттириш мумкин.
Бутун дунёга, жумладан, бизнинг юртимизга ҳам коронавирус деган бало келди. Бунинг учун бирон-бир инсонни, тузумни айблаш ноўрин. Кўриб турибмизки, бу офат на миллат, на дин, на жамият, на иқлим танлаётир – унинг олдида ривожланган давлатлар ҳам, ривожланаётган давлатлар ҳам, бойу камбағал ҳам, машҳур ва оддий инсонлар ҳам, мансабдору оддий фуқаро ҳам бир хил.
Бунақа воқеалар давлатларни, халқларни, миллатларни, ҳар бир инсонни синовдан ўтказади. Соддароқ қилиб айтганда, кимнинг кимлиги, яъни ҳар кимнинг асл қиёфаси намоён бўлади. Ким ўз юртини, она Ватанини, халқини, миллатини том маънода севади, унга юраги ачийди, унинг дардини ўзининг дарди сифатида қабул қилади ва уни енгиллаштириш учун имкони борича ҳаракат қилади, курашади, ким томошабин каби иршайиб четдан қараб туради – ҳаммаси аён бўлади-қолади.
Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.
Коронавирус ҳам Оллоҳнинг бандаларига бир синовидир балки. Ҳаром-ҳаришдан, турли гуноҳ ишлар билан шуғулланишдан, бировнинг ҳақига хиёнат қилишдан қўрқмайдиганлар, манманлик ва кибрга берилганлар, оддий ва содда, кўнгли беғубор ва ҳокисор инсонларни менсимайдиганлар кўзини очар эҳтимол. Бирники мингга, мингники туманга уради, деган нақл бор халқимизда. Шу синовли ва оғир кунларда эл дардига дармон бўлиш ўрнига мусибатдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилганларни инсон деб, мусулмон деб, алалоқибат ватандошимиз, миллатдошимиз дейиш мумкинми?! “Бировнинг ташвиши эвазига топилган пул ҳеч кимга буюрмайди”, деди Президентимиз. Ҳақ гап!
Энди ўйлайлик: биз Ибн Сино, Беруний, Алишер Навоий сингари улуғ зотларнинг авлодларимиз, деб кўкрак керамиз. Хўш, ўша бобокалонларимиз шундай хунук ишлар қилганми? Астаҳфируллоҳ, тил айланмайди. Йўқ, улар наинки эл бошига ташвиш тушганда, балки омон-омон замонларда ҳам эл-юрт дарди билан яшаганлар, ўз ҳисобларидан масжиду мадрасалар, кўприклар, йўллар қурдирганлар. Нега бундай кунларда ўша буюк аждодларимиз қилган хайрли ишларни унутиб қўямиз?! Зарур бўлгандан кейин олади-да, деб беш сўмлик нарсани ўн-ўн беш сўмга, балки ундан-да ортиқроқ баҳода сотишга виждонимиз қийналмайдими? Ёки шу бало (Худо кўрсатмасин) ўшаларнинг ҳам бошига келмаслигига ким кафолат беради? Ёхуд улар ҳамма нарсани пул билан ҳал қиламан, деб ўйлашармикан.
Майли, ўша тоифага мансуб кимсалар нима деб ўйласа ўйлар, виждонига ҳавола. Лекин шу нарса аниқки, бундай нафс қуллари бутун халқимиз миқёсида олганда денгиздан томчи. Аксарият ватандошларимиз бу балони юртимиздан даф этиш учун, одамларга, озгина бўлса-да, марҳамат кўрсатиш учун ҳаракат қилмоқда. Кимдир тиббиёт ниқобини, бошқаси исириқни бепул тарқатаётир. Саховатпешалар пойтахтда ўқиётган талабаларни ўз уйига текин олиб бориб қўяётир. Хуллас, савоб талаб, эл дардига малҳам бўлишни ўзининг инсоний, фуқаролик, ватандошлик бурчи, деб биладиганлар кўп. Зеро, бундай олижаноб фазилатлар халқимиз, миллатимиз қонида бор.
Ижтимоий тармоқларда ёзилаётган айрим фикрларни ўқиб, ёқа ушлайди одам. Турли мутахассислар, мутасадди раҳбарлар шаънига айтилаётган гаплардан илон пўст ташлайди. Бу балонинг олдини олиш, юртимизга кириб келмаслиги учун курашиш ўрнига қўл қовуштириб ўтиргани йўқ ҳеч ким. Наҳотки шуни тушунмасак. Турли даражадаги раҳбарларнинг ташвиши, хавотири, масъулияти нақадар оғир эканига наҳот ақлимиз етмаса?! Масалан, мен уларнинг шу кунлардаги аҳволини жуда яхши тасаввур қиламан: на уйқусида, на ейиш-ичишида ҳаловат бор. Биз ўз оиламиз, фарзандларимиз ҳақида ўйласак, улар ўттиз тўрт миллион аҳолининг соғлиги, тақдири тўғрисида бош қотиради. Давлатимиз раҳбари вазиятни шахсан назоратга олганини, бевосита ўзи шуғулланаётганини кўриб, эшитиб турибмиз-ку!
Президентимиз Шавкат Мирзиёев фармони билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилди ва унга 10 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилди. Ушбу фармон асосида ишлаб чиқариш корхоналарига, тадбиркорларга катта имтиёз ва имкониятлар берилди. Буларнинг ҳаммаси коронавирус балосини тезроқ бартараф этиш, халқимиз турмуши оғир аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш каби эзгу мақсадларга йўналтирилган.
Кўриниб турибдики, мамлакатимизда ушбу офат оғир оқибатларга олиб келмаслиги учун жуда кенг кўламда ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бундай пайтда ҳар хил фисқу фасодларни,майда гапларни бир четга йиғиштириб, офатга қарши ҳамжиҳатликда курашмоқ зарур. Бу кураш аслида жуда оддий, яъни, ҳар бир юртдошимиз мутахассислар қайта-қайта айтаётган тавсияларга амал қилса, оила аъзоларини шунга даъват этса, ўзи ўрнак бўлса кифоя. Унинг ўрнига э, айтаверади-да, деб тавсияларга риоя қилмаса, бўлса-бўлмаса қучоқлашиб кўришмоқ учун қучоғини ёзиб келаверса, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам зиён етказади.
Ижтимоий тармоқларда мутасадди раҳбарларни жазолаш керак, деган ёзувлар пайдо бўлди. Борди-ю масалага шундай ёндашиладиган бўлса юздан зиёд давлатларинг қанча-қанча раҳбарларини жазолаш керак. Ҳолбуки, баъзи давлатларнинг мутасадди раҳбарлари ҳам касалланди. Не-не қудратли, иқтисодий бақувват давлатлардаги аҳволни кўриб инсон юраги увишиб кетади. Хўш, ўша мамлакатларнинг мутасадди раҳбарларини отиш керакми? Шундай қилса коронавирус йўқоладими? Агар шундай бўлганда ўша давлатлар бу ишни аллақачон амалга оширган бўлмасмиди...
Хаёлга келган гапни гапириш, ёзиш ва ижтимоий тармоқларга қўйиш, ўзи билган-билмаган нарсалар бўйича кимларгадир “маслаҳат” бериш осон. Аммо амалий иш қилиш, лоақал бир кишининг мушкулини енгиллатиш учун одам шу юртни, халқини севиши керак, ўзгалар дардини ўз дарди каби қабул қила олиши лозим. Ваҳоланки, ҳар бир айтилган, ёзилган гапнинг масъулияти, жавоби бор. Буни унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Қисқаси, бугун тирноқ остидан кир қидириш, ўйламай-нетмай фикрлар билдириб, одамларни саросимага солиш ўрнига, оғир-вазминлик, ақл-идрок, кучли ирода билан иш тутмоқ, офатга қарши бир мушт бўлиб курашмоқ талаб этилади. Қанча-қанча офатларни мардона енгиб ўтган заковатли, сабр-бардошли халқимиз яқин кунларда бу офату синовдан ҳам эсон-омон ўтажак. Бу эзгу йўлда Яратганнинг ўзи бизга мададкор бўлгай.
Шундай бўлишига чин дилдан ишонаман!
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ