Сифатсиз сув тозалаш фильтрига тўланган пул истеъмолчига қайтарилди
Қорақалпоғистон Республикаси Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса, истеъмолчиларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Шулардан бири сифатида, Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятидан келиб тушган мурожаат ўз натижасини берди. Маълум бўлишича, Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли тумани фуқароси Х.Хўжамбергенов “N.G.F” корхонасидан 690 минг сўмга сотиб олган сув тозалаш фильтри сифатсиз бўлиб чиққан. Бу бўйича фуқаро жамиятга мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўраган.
Нукус шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари масалани қисқа муддатда ўрганиб чиқди. Корхона ходимлари билан ўтказилган суҳбат ва тушунтириш ишлари ўз самарасини бериб, фуқаронинг 690 минг сўм пули тўлиқлигича ўзига қайтариб берилди.
Сўнгги пайтларда аҳоли ўртасида бўлиб тўлашга турли техника ва транспорт воситаларини сотиб олиш оммалашган. Бироқ, айрим ҳолларда сотувчиларнинг ўз ваъдасига амал қилмаслиги истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Нукус шаҳри "Нурли бўстон" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Азамат Дархонов Тўрткўл туманидаги "В.Т" дўконидан бўлиб тўлашга скутер ва ҳаво совиткич сотиб олган. Бироқ дўкон ходимлари томонидан сотиб олинган скутер ўрнига бошқа, арзон маркадаги скутер етказиб берилган. Шунингдек, харид қилинган ҳаво совиткични ўрнатиб бериш учун усталар вақтида юборилмаган.
Фуқаронинг дўкон мутахассисларига қилган шикояти натижасиз қолдирилгач, у ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб Тўрткўл тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат этган. Жамият мутахассислари томонидан ушбу ҳолат тезкорлик билан ўрганилиб, дўкон масъуллари билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.
Натижада сотувчи ўз камчиликларини тан олиб, скутерни сифатли турига алмаштириб беришга ваъда берди. Ҳаво совиткични ўрнатиш учун усталар юборилди ва масала ижобий ҳал этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири