Сифатсиз қурилиш материаллари ишлаб чиқарган корхона аниқланди
Тошкент вилояти Чиноз туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган корхонада сифат назорати ва қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширув ўтказилди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги назорат инспекцияси томонидан ўтказилган навбатдаги давлат назорати текшируви давомида “Ч.И.И.” МЧЖда маҳсулот сифатига доир меъёрий талаблар бузилгани аниқланди.
Хусусан, корхонада ишлаб чиқарилаётган сопол ғишт ва тошларнинг шакли, ўлчами ҳамда ташқи кўриниши техник талабларга мувофиқлиги юзасидан ҳеч қандай назорат олиб борилмаган.
Маҳсулотларнинг техник тавсифлари белгиланмаган ҳамда хомашё материаллари кириш назоратидан ўтказилмасдан ишлаб чиқаришга йўналтирилган.
Тайёр маҳсулотларни тамғалаш ва техник қабулдан ўтказиш жараёнларига ҳам мутлақо эътибор берилмаган.
Текширув давомида метрология соҳасидаги қоидабузарликлар ҳам алоҳида қайд этилди. Маълум бўлишича, ишлаб чиқаришда қўлланилаётган ўлчаш воситалари ўз вақтида давлат қиёсловидан ўтказилмаган, маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлигини таъминловчи муҳим кўрсаткичлар бўйича даврий синовлар ўтказилиши таъминланмаган.
Мазкур ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги қонуни ва соҳага оид бошқа меъёрий ҳужжатлар талабларига зид экани сабабли корхонанинг масъул мансабдор шахсига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун суд органларига тақдим этилди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА