Сифати хорижникидан қолишмайди
Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан маълум қилишларича, 2014-2015 ўқув йилига тайёргарлик кўриш, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини ўқув қуроллари ҳамда кийим-кечаклар билан таъминлаш мақсадида мактаб бозори ва ярмаркалари ташкил этилган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан маълум қилишларича, 2014-2015 ўқув йилига тайёргарлик кўриш, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини ўқув қуроллари ҳамда кийим-кечаклар билан таъминлаш мақсадида мактаб бозори ва ярмаркалари ташкил этилган. Бозорлар ва йирик савдо комплексларидан узоқда жойлашган бир юз йигирма учта умумтаълим мактаби, ўн етти касб-ҳунар коллежида ҳам шундай ярмаркалар ишлаб турибди.
Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қ.Исмоиловнинг айтишича, ушбу бозор ва ярмаркалар 411 минг 115 ўқувчига хизмат кўрсатади. Тоғ ва чўл ҳудудларида иш олиб бораётган ўндан ортиқ кўчма дўконда 26 турдаги ўқув қуроллари ва жиҳозлари сотилаётир.
Президентимиз раҳнамолигида бу борада амалга оширилаётган ишлар фарзандига ўқув қуроллари, мактаб учун кийим-кечак харид қилиш истагида бўлган ота-оналарга катта қулайлик туғдирмоқда. Уларнинг вақти, маблағи тежалаётир.
– Болаларимга зарур бўладиган ўқув қуролларини уйимизга яқин жойда ташкил этилган мактаб бозоридан сотиб олдим, – дейди қаршилик Шаҳзода Арабова. – Узоғимизни яқин қилган ушбу бозорда сотилаётган маҳсулотларнинг сифати талаб даражасида, нархи нисбатан арзон. Эътиборимни бу эмас, савдога қўйилган мактаб анжомларининг ташқи кўриниши ўқувчи маънавиятини юксалтиришга қаратилган сурат ва манзаралар билан безатилгани тортди. Бир пайтлар муқовасига беҳаё расмлар туширилган ёзув дафтарлари кўпайиб кетганди. Бу ерда ундай маҳсулотлар йўқ экан.
– Ярмаркамизда қирқ хилга яқин товар бор, – дейди “Шарқ зиёкори” масъулияти чекланган жамиятининг Қарши филиали масъул ходими Ойбек Олимов. – Уларни исталган тўлов шакли орқали харид қилиш мумкин. Асосан мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг сифати хорижникидан қолишмайди.