Шундай мўътабарсан, мўътабар аёл!
Юртимизга баҳорни хушкайфият ила етаклаб кирадиган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни гўё она табиатдаги уйғониш ва яшариш асносида қизлар, аёллардаги гўзаллик ва латофат, бахт ва баркамоллик уйғунлашиб кетгандай туюлади.
Байрам муносабати билан Наманганда яшаб, меҳнат қилаётган, ўқишда ва ишда бошқаларга ўрнак бўлаётган, эл-юртнинг шон-шараф тимсолига айланган фаол хотин-қизлар вилоят мусиқали драма театрига таклиф этилди.

“Аёлни эъзозлаган юрт – равнақ топади” шиори остидаги тантанали тадбирда қатнашган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов йиғилганларни бахт ва баҳор айёми билан қизғин табриклади. Барча соҳаларда эришилаётган улкан ютуқларда хотин-қизларнинг ҳиссаси беқиёслигини таъкидлади.


Тантанали маросимда ақл ва тафаккури, куч ва ғайрати билан Ватанимиз ободлиги ва ривожида катта таянч бўлаётган 30 нафар аёлга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари ҳамда 18 нафар оналарга “Мўътабар аёл” кўкрак нишон ва мукофотлар тақдим этилди.

Тадбирда Ўзбек миллий академик драма театрининг бир гуруҳ санъаткорлари ижросидаги бадиий-мусиқий ижролар олқишлар билан кутиб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА