Шуҳрат Ғаниев тез тиббий ёрдам фаолиятини ўрганди
Вилоят аҳолисига пандемия даврида малакали шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида 30 та махсус бригада ташкил этилган.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам станциялари ва шохобчаларида бўлиб, улардаги шароитларни ўрганди.
Пандемия шароитида тез тиббий ёрдамга бўлган талаб кескин ошган.Шу боис шошилинч ва биринчи ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда.
Фарғона вилояти тез тиббий ёрдам хизматида 19 та станция, 11 та подстанция ва 171 та шохобча фаолият кўрсатмоқда.Тез тиббий ёрдам хизматида санитар автомашиналар сони 307 тани ташкил қилиб, 26 таси тўлиқ реанимацион аппаратуралар билан жиҳозланган.
Шунингдек, вилоят аҳолисига пандемия вақтида малакали шошилинч ёрдам кўрсатиш, шифокорлар ўртасида касалланишни олдини олиш, касалликни бошқа беморларга юқтирмаслик мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан 20 та янги Дамас русумли тез тиббий ёрдами машиналари харид қилинди. Ҳар бир шаҳар ва туманлардаги мобил эпидемиологик гуруҳлар учун алоҳида ажратиб берилди.
Тез тиббий ёрдам тизимида 1 минг 777 нафар врачлар фаолият кўрсатаётган бўлса, ўрта тиббий ходимлар штат бирлиги 2 минг 978 нафарни ташкил этмоқда.
Вилоят аҳолисига пандемия даврида малакали шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида 30 та махсус бригада ташкил этилган.
Тунда тез тиббий ёрдамга мурожаатлар кескин кўпаяди.Шу боис вилоят ҳокими оқшомдан сўнг соҳага масъул раҳбарлар билан биргаликда Фарғона шаҳридаги Ёрмозор, Бешбола,Тўқимачи, Қиргули каби қишлоқ ва мавзелардаги бир қатор тез ёрдам станциялари ҳамда шохобчаларидаги жараён билан танишди. Уларда хизмат олиб бораётган шифокорлар ва тиббиёт ходимлари билан суҳбатда бўлиб, муаммоларини ўрганди.
Маълум бўлишича, тана ҳарорати кўтарилган беморлар июль ойида 5 003 та бўлиб, ўртача кунлик 166 тани ташкил этади. Уларнинг 4 001 нафари (79,9%) 14 ёшгача бўлган болалар ҳисобига тўғри келмоқда. Болаларда тана ҳарорати кўтарилиши асосан совуқ сув ичиши, меваларни ва озиқ-овқат маҳсулотларини аралаштириб истеъмол қилишлари оқибатида учрайдиган ангина, тонзиллит, ларингит, диарея ва ошқозон-ичак йўлларининг дисфункционал бузилиши касалликларида қайд этилган.
Улардан 2 550 таси шаҳар ва туман марказий шифохоналарининг бўлимларида стационар шароитда, 1451 нафари амбулатор шароитда тўлиқ даво муолажаларини қабул қилиб соғайиб чиқишган. Тана ҳарорати кўтарилган беморлар таҳлил қилинганда болалар ўртасида коронавирус инфекциясига гумон ҳолатлари кузатилмаган.
Мазкур беморлардан 1002 нафари катталарни ташкил этиб, уларнинг тана ҳароратлари асосан нафас тизими сурункали касалликлари хуружи, ошқозон-ичак йўллари функцияси бузилиши натижасида кузатилган. Эпидемиологик анамнез касалликларида коронавирусга гумон қилиниб, 302 та ҳолатда ПЗР таҳлиллари учун тест синамалари олиниб, барча ҳолатларда манфий натижалар кузатилган.
Маълумотларга қараганда, 31 июль куни шаҳар ва туманларда тана ҳарорати кўтарилиши билан боғлиқ чақириқлар сони ошган. Хўш, бунинг сабаби нима?
-Агар 30 июль куни 3635 та чақирувнинг 152 тасида тана ҳарорати ошган бўлса, 31 июль куни чақирувлар сони 4504 тага кўпайган ва иситмалаганлар 203 нафарни ташкил этган, - деди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров. – 203 та тана ҳарорати кўтарилган беморларнинг 140 таси болалар ва 63 та катталарни ташкил қилади. 140 та тана ҳарорати кўтарилган беморларда асосан 18 та ангина, 22 та тонзиллит, 24 та ларингит, 10 та фарингит, 26 та ларинготрахеит ва 40 та ошқозон-ичак дисфункционал бузилиши ва диарея кузатилди. 63 та катта ёшдаги беморларда эса 33 та ҳолатда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши, 30 та ҳолатда ошқозон-ичак йўллари дисфункционал бузилишлари рўй берган.
Айнан 31 июлда чақирувлар сонининг ортишига сабаблардан бири Қурбон ҳайити муносабати билан қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникалари фаолият кўрсатмаганлиги, карантин қоидаларининг кучайиши натижасида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланганлиги билан боғлиқликда эди.
Бу рақамларни яна бошқача таърифлаш ҳам мумкин. Яъни, тез тиббий ёрдами чақирувлари сонининг ошиши аҳоли орасида ўз соғлиғига эътибор ошиб бораётганлиги, айниқса, тана ҳарорат кўтарилиши билан боғлиқ ҳолатларда зудлик билан врач маслаҳатига мурожаат қилишлари, бирламчи тиббий санитария тизимида касалликларни эрта аниқлашга қаратилган чора-тадбирларнинг ижроси деган хулоса қилиш мумкин. Беморларда дастлабки касаллик симптомлари қанчалик эрта аниқланса, уни даволаш шунчалик осон ва асоратсиз кечади.
Шу тунда Фарғона, Марғилон, Қувасой шаҳарлари, Қува, Тошлоқ, Олтиариқ каби туманлардаги марказий тез ёрдам станциялари ва унинг жойлардаги шохобчалари иш фаолияти ўрганилди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам станциялари ва шохобчаларини таъмирлаш, ходимлар учун етарли шароитлар яратиш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Бунинг учун вилоят бюджетидан етарли миқдорда маблағ ажратилади.



