Шўрланган тупроқлар бўйича глобал симпозиум
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида «Шўрланишни тўхтатиш ва тупроқ унумдорлигини ошириш» мавзусида глобал симпозиум ўтказилди.
Илмий-сиёсий тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва унинг Глобал тупроқ ҳамкорлиги, Тупроқлар бўйича давлатлараро техник кенгаш томонидан қатор миллий ва хорижий ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этилди.

Шўрланган тупроқлар бўйича глобал симпозиумдан мақсад – фан, амалиёт ва сиёсатни бирлаштириш, шўрланган тупроқларни бошқариш билан боғлиқ ҳолат ва муаммоларни таҳлил қилиш, тупроқ ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Ихтиёрий бошқарув тамойилларини амалга ошириш учун ҳаракатларни рағбатлантиришдир. Анжуман шўрланган тупроқларни барқарор бошқариш учун мавжуд билим ва амалий ечимлар бўйича фикр алмашиш, муваффақиятли амалиёт ва технологияларни кенгайтириш учун зарур бўлган ҳаракатларни муҳокама қилиш учун платформа яратади.

Тадбир доирасида ФАО шўрланишнинг олдини олиш ва ҳосилдорликни оширишнинг асосий воситаси бўлган Шўрланган тупроқлар глобал харитасини ишга туширди. Ушбу ҳужжатга кўра, жаҳонда 833 миллион гектардан ортиқ шўрланган ерлар мавжуд (Ер юзининг 8,7 фоизи). Уларнинг аксарияти Африка, Осиё ва Лотин Америкасида жойлашган. Харита 118 мамлакат ҳамда маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш бўйича юзлаб мутахассислар иштирокидаги қўшма лойиҳадир. У мутахассисларга тупроқ шўрланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар қаерда ва қачон ўтказилиши лозимлигини аниқлаш имконини беради, шунингдек, суғориш ва иқлим ўзгаришига мослашиш билан боғлиқ лойиҳаларни ишлаб чиқишда фойдали бўлади.

Онлайн анжуман доирасида Тошкентда «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда шўрланган тупроқларнинг интеграллашган бошқаруви ва мелиорацияси: янги ёндашувлар ва инновацион ечимлар» мавзусида миллий симпозиум ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда ФАО экспертлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ЎзРФА илмий-тадқиқот институтлари ходимлари иштирок этди.
Миллий симпозиумда мамлакатимиздаги суғориладиган ерларнинг иккиламчи шўрланишининг олдини олиш, шўрланган тупроқларни муҳофаза қилишда рақамли технологияларни жорий қилиш, Орол денгизининг ижтимоий-экологик муаммоларини ҳал этиш ҳамда бошқа масалалар юзасидан маърузалар тингланди. Тадбир давомида ҳозирги замоннинг энг йирик экологик офатларидан бирига эътиборни қаратишга мўлжалланган “Орол денгизининг қуриган тубини тиклаш” видеофильми тақдим этилди.
Симпозиум якунида иқтидорли ёшларнинг энг яхши илмий ишларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
ЎзА