Шўр ювиш мўл ҳосил гаровидир
Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Самад Бешим” фермер хўжалигида “шўр ювиш” тадбирига бағишланган семинарда вилоят ва туман қишлоқ хўжалиги тармоғи масъуллари, фермерлар иштирок этди.
Тадбирда соҳага дахлдор корхона ва ташкилот вакилларига “шўр ювиш” мавсумини ўз муддатида ташкил қилиш, сувдан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатма, тавсия ва аниқ топшириқлар берилди. Жумладан, келгуси йил ҳосили учун Бухоро вилоятида 200 минг гектарга яқин экин майдонида “шўр ювиш” ишларига киришилмоқда. Ҳозирга қадар 1300 километр узунликдаги зовурларни тозаланиши эса сизот сувларини ўз вақтида оқизиб юбориш имконига эга.
– Аграр тизимдаги ҳар бир агротехник тадбирга илм ва янги инновациялар билан ёндашиш давр талабига айланди, – дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Амрулло Назаров. – Ҳар йилгидек, “шўр ювиш” тадбири Олот, Қоракўл ва Жондор туманларидан бошланади. Негаки, сизот сувлари оқимининг йўлида жойлашган ушбу ҳудудлар экин майдонларида қисқа муддатда қишки суғоришни ўтказиб, шўр парчаларини эритиш долзарб саналади. Бугунда сувнинг фермер даласигача етиб келиши учун давлат томонидан катта маблағ сарфланмоқда.

“Аму Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги вилоят Мелиоратив экспедицияси раҳбари Хайриддин Бозоровнинг таъкидлашича, кучли шўрланган майдонлар йил сайин камайтирилаётганлиги бу борадаги ишларнинг юқори натижасидир. Бир сўз билан айтганда, вилоят деҳқончилигида муҳим ва долзарб тадбир саналган “шўр ювиш” мавсуми бошланмоқда. Бу эса бўлғуси ҳосилга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

“Аму Бухоро” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги мелиоратив экспедиция маълумотларига кўра, Бухоро вилоятида суғориладиган 276,3 минг гектар ернинг 41,2 минг гектари шўрланмаган, 235,1 минг гектари эса турли даражада шўрланган.

Шундан 5,9 минг гектари кучли, 57,1 минг гектари ўртача ва 172,1 минг гектари кам шўрланган майдонларни ташкил қилади. Шунинг учун ҳар йили 88 минг гектардан ошиқроқ майдонда икки маротаба, 12 минг гектарда уч маротаба “шўр ювиш” ишлари амалга оширилади. Мелиоратив экспедицияси томонидан “шўр ювиш”дан олдин 10 минг 500 дан ортиқ тупроқ нуқтаси ўрганилиб, 3 мингдан ортиқ нуқтада назорат ўлчовлари ва кимёвий таҳлиллар амалга оширилган.
Қишлоқ хўжалигида қиш даврида ернинг устки қатламидаги мавжуд шўр парчаларини ювмай туриб, кўзланган ҳосилни олиш қийин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.