Шоир таваллудига бағишланди
Тошкент туманидаги 2-касб-ҳунар мактабида Ўзбекистон халқ шоири, халқимизнинг ардоқли фарзанди Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Бу касб-ҳунар мактаби Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги "Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони асосида 2020 йилда ташкил топган. Ҳозирги кунда мазкур мактабда 193 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга етук ва малакали ўқитувчилар, ўз касбини юқори даражада биладиган, ишлаб чиқариш таълими усталари сабоқ бермоқда.
Мактабда ўқувчилар 6 та, жумладан, тикувчилик, ошпазлик, рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси, автомобилларни таъмирлаш чилангари, сартарошлик ва электр ҳисоблагичларни эксплуатация қилувчи электромонтёр йўналишлари бўйича билим олади.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Республика маънавият тарғиботчилари жамияти, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, ИИБ, Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир аввалида ўқувчилар ўртасида шоир Муҳаммад Юсуф ижодига бағишлаб чизилган расмлар танлови ўтказилди.
Ўқувчилар томонидан шоир қаламига мансуб шеърлар айтилиб, бадиий чиқишлар, рақс, дуторчилик санъати ҳамда саҳна кўринишлари ижро этилди.
Фаол ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар берилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА