Шоҳ ва шоирга юксак эҳтиром (+видео)
Андижонда ўзбек мумтоз адабиётининг забардаст вакили, буюк давлат арбоби, моҳир саркарда, олим ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 541 йиллигига бағишланган адабий тадбир бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳакорлигида ташкил этилган тадбирда шоир ва ёзувчилар, юртимиздаги ва хорижлик бобуршунос олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида иштирокчилар томонидан Бобур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, улуғ шоирга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Сўнг вилоят театрлари санъаткорлари томонидан Бобур ҳаёти ва ижодига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Кенг саҳнага маҳзун мусиқа садолари остида салобатли, лекин юз-кўзларида ғам-андуҳ намоён Бобур Мирзо кириб келди. У ўз даврининг ноҳақлик, адолатсизлик, бошидан ўтказган азоб-уқубатлари ҳақида битган ғазалларидан бирини ўқий бошлади:
Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму?!
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?!
***
Мени хор эттию қилди муддаийни парвариш,
Дахри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?
***
Мени ўлтурди жафою жавр бирла ул қуёш,
Эмди тиргузмак учун меҳру вафоси қолдиму?
***
Ошиқ ўлғач, кўрдум ўлумни ўзумға, эй рафиқ,
Ўзга кўнглумнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!
***
Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де, бу оламнинг сафоси қолдиму?
Шундан сўнг тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг бой маданий мероси, айниқса, буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб алломалар томонидан яратилган нодир, бебаҳо илмий асарларнинг жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожидаги аҳамияти, илмий салоҳияти, инсоният тафаккурининг, халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавияти, маданиятини юксатиришдаги ўрни ва роли ниҳоятда муҳим эканлигини таъкидланди.
– Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг серқирра ижоди жуда катта тарихий ва илмий аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо. – Айниқса, унинг шоҳ сифатида амалга оширган бунёдкорлик, илм-маърифат ривожига қўшган улкан ҳиссаси, шоир, ижодкор сифатида бутун дунёга маълум ва машҳурлиги ҳар бир юртдошимиз қалбини фахр-ифтихорга тўлдиради.
Улуғ бобомизнинг адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбаларини ўрганишимизда муҳим манбаа бўлиб хизмат қилади.
Бобур номли халқаро жамоат фонди Қирғизистон бўлими раҳбари, профессор Бегижон Аҳмедов, бобуршунос олим Ҳамидулло Болтабоев Бобур ҳаёти ва ижоди, ўлмас асарлари, бобурийларнинг Ҳиндистон, умуман, жаҳон тараққиётидаги ўрни ва роли, бугунги кунда Бобур ижодини ўрганиш, тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди.
Адабий тадбирда Андижондаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар, шунингдек, Андижон давлат университети талабалари, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари томонидан Бобурнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди.
Тадбир якунлангач, Андижон шаҳрининг Навоий, Амир Темур шоҳкўчалари бўйлаб ёшларнинг “Бобур издошларимиз” шиори остида юриши ўтказилди.
Адабий тадбир куннинг иккинчи ярмида вилоят ҳокимлигида “Заҳириддин Муҳаммад Бобур илмий-адабий меросининг учинчи ренесанс пойдеворини барпо этишда тутган ўрни” мавзусидаги илмий анжуман доирасида давом этди.
[gallery-15960]
Анжуманда Бобур ижодининг ўзига хос қирралари, илмий-ижодий меросини ўрганиш, тадқиқ этиш, бугунги авлодни тарбиялаш, тафаккурини юксалтиришдаги ўрни, роли ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
З. М. Бобур таваллуд кунига бағишланган бу каби тадбирлар вилоятдаги меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида бўлиб ўтди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YPaFKShVWe0" title="Шоҳ ва шоирга юксак эҳтиром" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари