Шофирконлик моҳир каштадўз аёл
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари Раъно Турдибоева Бухоро вилоятидаги хизмат сафари мобайнида Шофиркон туманида ҳам бўлди. Ҳунармандчилик тармоғида меҳнат фаолиятини юритаётган халқ амалий санъати вакиллари иши билан қизиқиб, Талижа қишлоғидаги чевар каштадўз Муҳаббат Қўчқорова хонадонига ҳам борди.
Каштадўз аёл кўп сонли шогирдлари қаторида хориждан меҳнат миграциясидан қайтган хотин-қизларга ҳам ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда. Хонадон бекаси билан мулоқотда юздан ортиқ шогирдига эга бўлган моҳир каштадўз фаолиятини янада кенгайтириш орқали янги иш ўринларини яратиш, баъзи ночор оилаларга даромад манбаини яратишга доир таклиф ва тавсиялар берилди.

Айни кунда вилоят миқёсида миграциядан қайтган хотин-қизлар сони 1415 нафар бўлиб, биргина Шофиркон туманида бу кўрсаткич 63 нафарни ташкил этмоқда. Ҳозир чекка туманнинг Боғиафзал, Пашмон, Чуқурак, Ҳовлипоён, Жўйрабод, Саврак каби қишлоқларида ҳам хорижда ишлаб қайтган аёллар касаначилик асосида буюртмаларни уйида тикиб, тайёрлаб, меҳнатига яраша фойда олмоқда.
Кўп йилдирки, нафақат вилоят, балки республикада моҳир ҳунармандлар сафида эътироф этиб келинаётган каштадўз Муҳаббат Қўчқорова Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказиладиган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танловининг бир неча бор туман ҳамда вилоят босқичларида муносиб қатнашган ва танловнинг 2021 йилги республика босқичида ғолиблар сафидан ўрин эгаллаган.

Шофиркон каштачилик мактаби фаолларидан бири, мунтазам равишда республика ва халқаро даражада ўтказиладиган халқ амалий санъати кўргазмаларининг доимий иштирокчиси, 2014 ва 2015 йилларда Америка Қўшма Штатларининг Santa Fe шаҳрида анъанавий ташкил этиб келинадиган халқаро ҳунармандлар фестивали совриндори Муҳаббат Қўчқорова 2021 йилда “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида фахрли ўринни эгаллаган.
– 2022 йил декабрь ойида оиламиз ва шогирдларим билан биргаликда Туркиянинг Истанбул шаҳрида сафарда бўлдик, – дейди Муҳаббат Қўчқорова. – Қардошларимиз ота юрт ҳунармандлари дея бизни эъзозлаб, шахсий коллекциямиздан ўрин олган ҳар бир намуна – маҳсулотга қизиқиш билдириб, харидор бўлдилар, буюртмалар олдик. Шаҳарнинг бир нечта ҳунармандчилик марказида маҳорат дарсларини ўтаб, турк ҳамкасблар билан тажриба алмашиб қайтдик.

Ҳунарманд аёл жамоасида миллий намунадаги сўзана ва кашта ёпинчиқлари, ёстиқ, тўн, паранжи, яктак, белбоғ билан бирга жойпўш, жойнамоз, ҳар турли шарфлар, тўшамаларга зеб бериб, харидоргир кўринишда тикиб тайёрлаш пухта ўзлаштирилган. Азалдан асосан игнада тикиш урф бўлган, аммо моҳир каштадўз шогирдлари билан шойи, атлас ва адрас матоларига босма тикиш услубини ўзлаштириб, ҳозир қадимдан воҳамизда урф бўлган бигизда тикиш усулини ҳам пухта ўрганишмоқда. Бугунга келиб эса моҳир каштадўзнинг Саодат Набиева, Юлдуз Қўчқорова, Шаҳноза Раҳимова, Гулсара Толибова, Лутфия Рўзиева сингари туманнинг деярли барча маҳалласида мустақил фаолиятини йўлга қўйган шогирдлари етишиб чиққан. Улар ҳозир ҳам устозлари Муҳаббат опадан тез-тез хабар олиб, маслаҳатлашиб туришади.

– Бир ҳунарманд сифатида оиламиз номидан Талижа қишлоғимизда каштадўз-сўзаначилар билан гавжум хонадонимизни туристик маршрутга киритишни сўраб қилган мурожаатимни вилоят ҳокими қўллаб-қувватлаганидан бошимиз осмонга етди, – дейди каштадўз. – Дарҳақиқат, кашта босишдан аввалги ип йигириш, тўқиш, ипак матосини ранглаш, табиий гиёҳлардан бўёқ қайнатиш ва қўллаш, қолаверса, матога гул босиш, нақш чизиб тушириш, яна қўлбола дастгоҳларда борадиган жараён шу ҳовлимизда тўла-тўкис амалга оширилаётгани хорижий сайёҳларни, юртимиз меҳмонларини бефарқ қолдирмаслигига ишонаман.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири