“Шодлик” кўчасига шодлик улашиб
Фарғона вилояти Қува тумани “Раста” маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Шодлик” кўчасида яшовчи фуқароларнинг электр таъминотига оид узоқ йиллик муаммолари ўз ечимини топди.
Сабаби ҳудудда жойлашган трансформатор пунктининг ўта юклама билан ишлаши, ҳашар йўли билан қурилган тармоқдаги кучланиш пастлиги маҳалла аҳлига анчагина ноқулайликлар туғдириб келаётган эди.
Президентимизнинг 2016 йил 23 ноябрдаги «2017-2021 йилларда паст кучланишли электр тармоқларини янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан тегишли лойиҳалар асосида маҳалланинг “Шодлик” кўчасига янги қуввати 160 кВА бўлган трансформатор пункти ўрнатилди. 2,4 километр узунликда янги электр узатиш тармоғи тортилди ҳамда фойдаланишга топширилди.

Янги тармоққа уланган маҳалла аҳли бугунги кунда бу каби амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалардан мамнун.
Қува туман электр таъминоти корхонаси томонидан яна 4 дона худди шундай тармоқларни янгилаш ишлари олиб борилмоқда.

М. Сулаймонов, ЎзА