Шиша ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади
Навоий вилоятида кварц хомашёсини қайта ишлаш асосида шиша маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган, умумий қиймати 76 миллион доллар бўлган йирик инвестиция лойиҳаси муҳокама қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, лойиҳа Хитойнинг Шаньдун провинцияси Циндао шаҳрида фаолият юритувчи “Qingdao Rongtai Glass Products” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Корхона “Rotar” бренди остида яшил, оқ ва жигарранг шиша идишлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компаниянинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1,1 миллион тонна ёки тахминан 2,3 миллиард дона шиша маҳсулотини ташкил этади.

Лойиҳа уч босқичда амалга оширилиб, беш йил давомида тўлиқ қувватга чиқарилиши кўзда тутилган. Биринчи босқични бир йил ичида ишга тушириш режалаштирилмоқда.
Инвесторларга Зарафшон шаҳри атрофидаги кварц қуми ва бошқа зарур хомашё базалари таништирилди. Шунингдек, завод қурилиши учун электр-кимё заводи ҳамда “Навоий” эркин иқтисодий зонасида жойлашган, барча зарур инфратузилма билан таъминланган ер майдонлари намойиш этилди.
Айни пайтда инвесторлар томонидан маҳаллий бозор ҳажми ва маҳсулотларга бўлган талаб ўрганилмоқда. Корхонада ишлаб чиқариладиган шиша маҳсулотларининг бир қисмини ички бозорга етказиб бериш, қолган қисмини эса қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири