Шимолий Корея ва Россия чегарасида илк автомобиль кўприги очилди
КХДР ва Россия Туман дарёси орқали ўтувчи илк автомобиль кўпригини фойдаланишга топширди. “ТАСС” ахборот агентлиги хабарига кўра, иккала томон ҳам ушбу иншоотни ўзаро стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги муҳим қадам сифатида эътироф этган.
Таъкидланишича, мазкур автойўл 1959 йилда Корея урушидан сўнг қурилган "Дўстлик кўприги" номли темир йўл ўтказмаси яқинида жойлашган. Ҳозирда Москва ва Пхеньян ўртасида тўғридан-тўғри авиа ва темир йўл қатновлари ҳам мавжуд.

Россия бош вазири Михаил Мишустин видеоалоқа орқали ўтказилган очилиш маросимида ушбу кўприк икки давлат ўртасида туризмни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликка кучли туртки беришини таъкидлади.
Қурилиш лойиҳаси йиллар давомида муҳокама қилинган бўлиб, унга айнан РФ етакчиси Владимир Путиннинг 2024 йилда Шимолий Кореяга қилган ташрифи чоғида якуний келишувга эришилгач, ўтган йилнинг апрель ойида амалий старт берилган эди.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар 2022 йилда Украинадаги низо бошланганидан бери сезиларли даражада жипслашди. Хусусан, Пхеньян Курск вилоятида Украина қўшинларига қарши курашда ёрдам бериш учун минглаб ҳарбийларини Россияга юборган эди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА