ШҲТ доирасида техник тартибга солиш бўйича ҳамкорлик кучайтирилмоқда
Москва шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатларнинг стандартлаштириш соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланган навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари ҳам фаол иштирок этди.
Бу ҳақида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир давомида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ШҲТ фаолиятининг устувор йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, кўп томонлама амалий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш тизимларини ўзаро яқинлаштириш ҳамда савдодаги нотариф тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Йиғилиш кун тартибидан стандартлаштириш соҳасига замонавий ахборот технологиялари ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлашда бозор назорати механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш каби долзарб масалалар ҳам ўрин олди.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари томонидан ШҲТга аъзо давлатлар билан техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббус ва таклифлар илгари сурилди. Хусусан, маҳсулотлар сифатини баҳолаш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва рақамли стандартлаштириш тизимларини жорий этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Тадбир якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида техник жиҳатдан тартибга солиш ва стандартлаштириш тизимини янада ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
Шунингдек, йиғилиш доирасида Россия, Қозоғистон, Хитой ва Қирғизистон делегациялари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мазкур ҳамкорлик минтақада савдо муносабатларини янада ривожлантириш, маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқ ягона ёндашувларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ш. Маматуропова, ЎзА