Шерзод Шерматов: ўқитувчиларнинг маоши оширилади
Онлайн
Методистларларнинг иш ҳақи миқдори олий тоифали ўқитувчининг базавий тариф ставкаси миқдорига тенглаштирилади.
2024 йилга қадар юқори натижаларга эришган педагогларнинг ойлик маоши меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 15 бараваригача, мактабларда синф раҳбарлиги учун тўловлар 1,5 бараварга босқичма-босқич оширилади.
Бу ҳақда Ўзбекисон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтаётган таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини ривожлантиш масалалари юзасидан матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, келгусида педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифасини бериш махсус портал орқали амалга оширилади ва уларга малака тоифаларини бериш ва аттестациядан ўтказиш соддалаштирилади. Аттестациядан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди.
Охирги йилларда давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродалари туфайли ўқитувчиларнинг обрўсини кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар бошланди. Президентимиз «Янги Ўзбекистоннинг остонаси мактабдан бошланади» деган тезисни олға сурди. Бунинг тагида жуда катта мазмун ётибди. Масалан, ҳозир кўп масалалар танқид қилинади. Қурилишдаги хатолар, ишлаб чиқаришдаги камчиликлар ва ҳоказо. Бу муаммоларнинг илдизи таълим тизимига келиб тақалади. Агар биз, яхши, сифатли, ўз устида ишлайдиган кадрларни етиштирсак, келгусида мамлакатда соҳаларда рақобатбардош муҳит ривожланади.