Шерободда қурилаётган йирик иссиқхонада қандай имтиёзлар берилмоқда?
Мамлакатимизда аҳолини сифатли, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва ортиқчасини хорижга экспорт қилиш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳада юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар юртимиз бозорларининг қишу ёзда арзон ва тўкинлигини, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Президентимизнинг жорий йил 25 мартдаги “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилади.
Мутахассислар мазкур ҳужжат қишлоқ хўжалигини янада юксалтиришда муҳим қадамлардан бири бўлганини қайд этмоқда. Жумладан, қарор асосида 2026-2027 йилларда мамлакатимизда иссиқхона хўжаликларини кенгайтириш ва улар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 940 гектар майдонда замонавий, энергия тежамкор иссиқхона мажмуаси бунёд этилмоқда.
Иссиқхоналар тўлиқ ишга тушгач, 6 минг 300 доимий ва 8 минг мавсумий иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, йирик лойиҳа ҳудудда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиб, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириши билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.
Айни пайтда тумандаги Олтин воҳа маҳалласи ҳудудида қад ростлаётган иссиқхоналар мажмуасида қурилиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Уни бошқариш ва ривожлантириш учун “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси ташкил этилди.

Дирекция иссиқхоналарда замонавий, энергия тежамкор ва рақамли агротехнологияларни жорий этиб, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, томчилатиб суғориш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиради. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиб, давлат-хусусий шериклик асосида кластер ва кооперация моделини ривожлантиради. Молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади. Иссиқхона хўжаликларига “ягона дарча” тамойили асосида муҳандислик тармоқларига уланиш, экспорт ҳужжатларини расмийлаштириш ва давлат субсидияларини олиш жараёнларини тўлиқ амалга оширишга, талабгор тадбиркорларнинг маҳсулотларини саралаш, қадоқлаш ва совитиш омборларини ўз ичига олган замонавий агрологистика марказини ташкил этиш лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашади.
Массивда иссиқхона хўжалигини юритадиган тадбиркорлар учун чет элнинг илғор тажрибаларини ўргатиш учун Нидерландиянинг “World Horti Center” инновация ва билим маркази билан ҳамкорлик ўрнатиш, махсус ўқув дастурини жорий этиш ҳам белгиланган. Бунинг учун “World Horti Center” инновация ва билим марказига маҳаллий ва Дирекциянинг мутахассис ҳамда агрономларини олиб бориб, иссиқхона хўжалиги соҳасидаги илғор инновация ва тажрибалари ўргатилади.

– Қарорда эркин иқтисодий зонамиз иштирокчиларига алоҳида солиқ, божхона имтиёзлари ва бошқа преференциялар қўлланилиши ҳам белгилаб қўйилган, – дейди “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Ў.Шойманов. – Улар ер участкалари тадбиркорларга электрон онлайн аукцион орқали ижарага берилганда 5 йил ижара тўловининг ноль ставкаси қўлланади. Иссиқхоналарда суғориш ва технологик жараёнлар учун ишлатиладиган оқова ҳамда ерости сувлари учун тўловлардан уч йил муддатга озод этилади. Бундай имтиёзлар ишлаб чиқариш харажатларини камайтириб, маҳсулот таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади.
Сурхон воҳасининг тупроғи унумдор. Иқлими мўътадил. Қишу ёзда турли озиқ-овқат маҳсулотларини парваришлаш учун қулай шароитга эга. Вилоятдаги йирик, энерготежамкор, замонавий иссиқхона мажмуасида ҳам йилига 126 минг тоннадан ортиқ табиий, сервитамин маҳсулот етиштириб, унинг 18 минг тоннасини шу ерда қайта ишлаш, маҳаллий бозордан ортган қисмини хорижга экспорт қилиш мўлжалланмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири