Шахматчи ёшларимиз бугун Осиё чемпионатида илк тур ўйинларини ўтказади
Бугун, 29 май куни Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида шахмат бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё чемпионати мусобақасининг илк тур ўйинлари бўлиб ўтади.
ФИДЕ тақвимидан ўрин олган мазкур мусобақанинг аёллар баҳсларида Афрўза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Гулдона Каримова, Нилуфархон Имомқўзиева, Мадинабону Халилова ва Асал Салимова, эркаклар мусобақасида Абдумалик Абдусалимов, Ҳумоюн Бекмуратов, Ортиқ Нигматов, Саидакбар Саидалиев иштирок этмоқда.
Кеча мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларидан иборат қитъа биринчилигига қуръа ташланди.
Бугун кун давомида ўтадиган дастлабки тур ўйинларида ҳамюртларимиздан Афруза Ҳамдамова оқ доналарда мўғулистонлик Байарсаихан Хулан билан куч синашади. Шунингдек, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Гулдона Каримова, Нилуфархон Имомқўзиева, Мадинабону Халилова ва Асал Салимова илк ўйинда мезбонлар вакилларига қарши дона суради.

Шахматчи йигитларимиздан Абдумалик Абдусалимов 1-турда оқ доналарда тожикистонлик Алишер Каримов, Ҳумоюн Бекмуратов қора доналарда ФИДЕ байроғи остида чемпионатда қатнашаётган Виктор Котцюба, Ортиқ Нигматов қора доналарда япониялик Шо Моритани, Саидакбар Саидалиев қора доналарда непаллик Рупеш Жасвал қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Айтиш лозим, 9 та турдан иборат чемпионатда энг яхши кўрсаткичга эга 5 нафар шахматчи, аёллар ўртасида 1 нафар иштирокчи 2027 йилги Жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритади. Жаҳон кубогида иштирок этиш эса ўз-ўзидан келгусида жаҳон шахмат тожи учун курашиш имкониятини тақдим этади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг эркаклар гуруҳида 28 та мамлакатнинг 147 нафар, аёллар баҳсида 17 та давлатнинг 101 нафар шахматчи хотин-қизлари қатнашмоқда.
Мусобақалар 6 июнга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА