Шахмат: Синдоров томошабинлар қаторида, Абдусатторов эса мусобақани давом эттирмоқда
Шу кунларда киберспорт бўйича 2026 йилги жаҳон кубоги (Esports World Cup) учун саралаш вазифасини ўтайдиган “Chess.com Open-2026” мусобақаси ўтказилмоқда.
Кеча навбатдаги саралаш мусобақасида Нодирбек Абдусатторов АҚШ вакили Самуэл Севиан билан, Синдоров ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Даниил Дубов билан куч синашди.

Онлайн тарзда ўтаётган турнирнинг 1/8 босқичи илк баҳсида Абдусатторов АҚШ вакили Самуэл Севианни мағлуб этди, Синдоров эса Дубовга йўл берди.
Турнирнинг мағлублар гуруҳида дона сурган Жавоҳир франциялик Максим Ваше Лаграв билан куч синашиб, 2:1 кўринишида рақибига имкон берди.
Нодирбек Абдусатторов мусобақанинг 1/4 финалида беларуслик Денис Лазавикка мағлуб бўлди ва энди ўтиш мусобақасининг 2-раундида Ян Непомняший билан рўбарў келади.

1/8 финал мусобақаларидан муваффақиятли ўтган нидерландиялик Магнус Карлсен Денис Лазавик билан, полшалик Ян-Кшиштоф Дуда эса ҳиндистонлик Нихал Сарин билан тўқнаш келади.
Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 250 минг АҚШ долларидан иборат турнир 10+0 рапид йўналишида ўтказилмоқда. 16 нафар иштирокчи икки имкониятли тизимда куч синашаётган мусобақада Синдоров томошабинлар қаторидан жой олган бўлса, Абдусатторов иккинчи имконият ҳолатида баҳсни давом эттирмоқда.
Мусобақалар онлайн тарзда 26 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА