Шахмат олимпиадаси: Охирги турдаги асосий рақибларимиз Украина, Хитой ва Арманистон
Бугун, 27 сентябрь куни Самарқандда давом этаётган 46-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасининг сўнгги 11-тур мусобақалари бўлиб ўтади.
Чемпионлик масаласи ҳал этиладиган, тахталар бўйича ҳам етакчилар аниқланадиган мазкур турда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Муҳиддин Мадаминовдан иборат Ўзбекистон-1 жамоаси украиналик шахматчилар билан куч синашади.

Тахталар кесимида ким-кимга қарши дона суришига эътибор қаратсак, Нодирбек Абдусатторов-Игор Коваленко, Жавоҳир Синдоров-Василий Иванчук, Нодирбек Ёқуббоев- Игор Самуненков, Муҳиддин Мадаминов- Роман Дехтияров рўбарў келади.
Жаҳонгир Воҳидов етакчилигидаги Ўзбекистон-2 шахматчилари охирги тўқнашувда Хитой билан, Ўзбекистон-3 жамоаси эса Андорра терма жамоаси билан куч синашади.

Шунингдек, бугун Ҳиндистон-Венгрия, Нидерландия-Германия, АҚШ-Туркия, Сербия-Озарбайжон курашлари турнирнинг эътибордаги мусобақалари бўлиши шубҳасиз.

Ортда қолган 10-тур беллашувларига тўхталсак, Нодирбек Абдусатторов сардорлигидаги Ўзбекистон-1 жамоасининг Арманистонни мағлуб этиши, Ўзбекистон-2 жамоаси Ҳиндистонга 3,5:05 кўринишида имкониятни бой бериши, Украина Хитойни, Германия Францияни, Венгрия Испанияни бир хил ҳисобда(3:1) доғда қолдириши эркаклар мусобақасида совринли ўринлар учун кураш айнан қайси жамоалар ўртасида кечишига деярли ойдинлик киритди.

11-тур ўйинлари остонасида Ўзбекистон терма жамоаси 18 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларда бораётган Ҳиндистон жамоасида 17, Германия, Украина, Венгрия жамоаларида 16, АҚШ, Туркия, Ўзбекистон сингари 8 та жамоада 15 очко мавжуд.

Аёллар баҳсининг 11-турида Ўзбекистон-1 жамоаси Арманистон, Ўзбекистон-2 вакиллари Исроил ҳамда Ўзбекистон-3 шахматчи қизлари Жанубий Африкага қарши дона суради.

Аёллар ўртасида 10-турдан сўнг Хитой терма жамоаси 18 очко билан 1-ўринни банд этиб турибди. Қозиоғистон 17 очко билан 2-ўринда, Ҳиндистон, Польша, Вьетнам 16 очко билан кейинги поғоналарда ҳаракатланмоқда. Ўзбекистон-1 аёллар терма жамоаси 15 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 7-ўринга эгалик қилмоқда.
Якуний турда совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган Хитой-Вьетнам, Қозоғистон-Пльша, Ҳиндистон-Грузия хотин-қизлар жамоаларининг “дуэли” ғолибни аниқлашдаги асосий мусобақалар сифатида талқин этилаётган бўлса-да, 15 очколи Ўзбекистон-1, АҚШ, Грузия, Арманистон каби 8 та жамоада ҳам совринли ўринлардан жой олиши назарий жиҳатдан кичик кўринишда имкониятга эгалигини айтиб ўтиш ўринли, албатта.
Т. Рўзиев, ЎзА