Шахмат олимпиадаси: Бугунги асосий рақибларимиз - Арманистон ва Ҳиндистон жамоалари
Бугун, 26 сентябрь куни Самарқандда ўтаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 10-тур баҳсдари бўлиб ўтади.
Мазкур турда Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов дона сураётган Ўзбекистон-1 жамоаси Арманистон вакиллари билан куч синашади.

Шунингдек, кеча 9-турда Нидерландия жамоасини мағлуб этиб, шахмат олимпиадасининг катта шов-шувига сабаб бўлган Жаҳонгир Воҳидов, Абдумалик Абдусалимов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Ортиқ Ниғматовдан иборат Ўзбекистон-2 жамоаси бугун мусобақанинг энг кучли жамоаларидан бири Ҳиндистон билан тўнаш келади. Ёш шахматчилардан ташкил топган Ўзбекистон-3 эркаклар жамоаси эса мазкур турда Исроил вакилларига қаршилик кўрсатади.

Шахмат олимпиадасининг мазкур турида эркаклар жамоалари ўртасидаги Украина-Хитой, Германия-Франция, Венгрия-Испания, Греция-АҚШ ўйинлари ҳам қизиқарлилиги билан кўпчиликнинг эътибор марказида бўлади.
10-тур ўйинлари остонасида Ўзбекистон-1 жамоаси 16 очко билан етакчилик қилаётган бўлса, 15 очкога эга Ҳиндистон, Ўзбекистон-2 ва Арманистон жамоалари кейинги ўринларни банд этган. Хитой, Германия, Франция, Испания, Украина, Венгрия жамоалари 14 очко билан совриндорликка даъвогарларни таъқиб этмоқда.

Олимпиаданинг хотин-қизлар ўртасида ўта қизғин кечадиган 10-турида Ўзбекистон-1 жамоаси Перу билан, Ўзбекистон-2 шахматчи қизлари Швеция ва Ўзбекистон-3 вакиллари Кения жамоаси аъзолари билан куч синашади.
Аёллар гуруҳидаги марказий учрашувлар турнир пешқадамлари Хитой, Ҳиндистон, Қозоғистон ва Мўғулистон вакиллари иштирокидаги баҳсларда кузатилади.

Эслатиб ўтамиз, эртага 27 сентябрь куни шахмат олимпиадасининг сўнгги 11-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев,
ЎзА