Шахмат: Ғалаба ортидан келган қувонч янги муваффақиятларга йўл очади
Бугун эрта тонгда Сербиянинг Врнячка-Баня шаҳрида 8–18 ёш тоифаларида шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган ёш шахматчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.
Кутиб олиш маросимида иштирок этган Ёшлар ишлари агентлиги директори, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, ота-оналар, мураббийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари ёш спортчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлар, мазкур жаҳон чемпионатида ҳам вакилларимиз муносиб натижа қайд этганини таъкидлади.

Жаҳон чемпионати якунларига кўра, терма жамоамиз рапид ва блиц йўналишларида 1 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалини, мураккаб шахмат масалаларини ечишда 1 та кумуш медални қўлга киритди. Бу ютуқлар ортида ёшларимизга кўрсатилаётган эътибор, моддий ва маънавий қўллов билан бирга, ўзбек фарзандларининг чуқур билими, руҳий қуввати мужассамлиги эътироф этилди.

Блиц йўналишининг ўғил болалар ўртасидаги мусобақаларида терма жамоамиз аъзоларидан 8 ёшли Муҳаммадюсуф Баҳромов 7,5 очко билан 4-ўринни, 10 ёшли Исломбек Ҳусанов 8,5 очко билан 3-ўринни, 16 ёшли Ҳумоюн Бекмуродов 8,5 очко билан 2-ўринни, 18 ёшли Муҳаммадзоҳид Суяров 7,5 очко билан 4-ўринни эгаллади.

Қизлар ўртасидаги блиц баҳсларида Афруза Ҳамдамова 9 очко билан кумуш, 10 ёшли Фарзонабону Бозорова 8,5 очко билан кумуш, 12 ёшли Ҳуснорахон Ҳусниддинова 7,5 очко билан бронза медалларига эга чиқди. Шунингдек, рапид йўналишида Афруза жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани, Исломбек Ҳусанов бронза, Ҳуснорахон Ҳусниддинова масалалар ечиш йўналишида кумуш медалга эгалик қилгани юртимизда чемпионларнинг янги “олтин авлоди” етишиб келаётганининг ёрқин ифодаси, дейиш мумкин.

Аэропортда бошланган тантаналар энди ёш чемпионларимизнинг маҳаллаларида, хонадонларида давом этадики, бу, ғалаба қувончи аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, шахматга қизиқиш ортиши, эртанги куннинг янада нурли бўлиши йўлида изланадиган, интиладиган инсонлар сафи кенгайишига замин яратади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА