Шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди
Бухорода 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган йигит ва қизлар ўртасида шахмат бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланди. Ўн кун давом этадиган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан мазкур мусобақанинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри терма жамоалари таркибидаги 500 нафарга яқин ёш шахматчилар дона суради.
Мусобақалар “Универсал спорт мажмуаси”да бўлиб ўтмоқда. Чемпионатнинг очилиш маросимида Бухоро вилоят ҳокими, Ўзбекистон шахмат федерацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлими раиси Ботир Зарипов, спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, республика шахмат федерациясининг вице-президенти, Халқаро шахмат академияси директори Комилжон Синдаров сўзга чиқиб мусобақа иштирокчиларини қизғин табриклаб, уларга омад тилади.
[gallery-21861]
Таъкидланганидек, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, спорт билан шуғулланадиган аҳоли сафини янада кенгайтириш учун барча зарур шарт-шароит яратилмоқда. Сўнгги йилларда юртимизда баркамол авлодни тарбиялаш, спорт турлари, хусусан, шахматга берилаётган катта эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин амалий натижасини Ўзбекистон шахмат усталарининг халқаро майдонда қайд этаётган муваффақиятларидан ҳам кўрса бўлади.
Тадбирда ҳудудларда жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини янада ошириш, хусусан, “Беш ташаббус олимпиада”си мусобақаларини ташкил этишдаги алоҳида жонбозлиги учун Шофиркон ва Жондор туман ҳокимлари “Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари