Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ҳамкорликка оид ташаббуслари Озарбайжон давлат газетасида эълон қилинди
Озарбайжон Республикасининг расмий “Azerbayjan” давлат газетаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурган ташаббусларига бағишланган мақола эълон қилди.
Материалда Ўзбекистон раҳбарининг савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва транспорт ҳамкорлигини кучайтириш бўйича таклифларига эътибор қаратилган.
Нашрнинг ёзишича, Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг Марказий Осиё ва бошқа минтақалар ўртасидаги иқтисодий ҳамда транспорт алоқасини мустаҳкамлашдаги ўрнини қайд этган. Бу борада савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технология соҳасида биргаликда ишлаш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланган.
Мақолада давлатимиз раҳбарининг қўшма саноат-технологик занжирларини шакллантириш, умумий рақамли хизматларни ривожлантириш ҳамда йирик лойиҳаларни тезкор амалга оширишга хизмат қилувчи инвестиция механизмларини яратиш борасидаги ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Олти мамлакат – бир маҳсулот” тамойилига ҳам тўхталиб ўтилган. Ушбу таклиф минтақа корхоналарини ягона ишлаб чиқариш занжирига бирлаштириш ҳамда тайёр маҳсулотларни ҳамкорликда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, материалда Маслаҳат учрашувлари форматидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қабул қилинган ҳужжатларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича билдирилган таклифлар ёритилган. Хусусан, давлатимиз раҳбари келгуси йил Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжоннинг қўшма бизнес-форумини ташкил этиш ташаббусини илгари сургани қайд этилган.
Д.ҲАКИМОВ,
ЎзА