Шартномалар ижросига киришилди
Жорий йил 12-16 июль кунлари Тошкентда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Самарқанд вилоятидаги олтмишга яқин корхона, агрофирма ва фермер хўжалиги 325 минг тонна мева-сабзавот сотиш бўйича 373 миллион долларлик шартнома имзолади.
Жорий йил 12-16 июль кунлари Тошкентда ўтказилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида Самарқанд вилоятидаги олтмишга яқин корхона, агрофирма ва фермер хўжалиги 325 минг тонна мева-сабзавот сотиш бўйича 373 миллион долларлик шартнома имзолади.Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Ерга эгалик ҳиссини туйган деҳқон ва фермерлар, боғбону соҳибкорлар ҳар қарич ердан унумли фойдаланиб, юқори ҳосилдорликка эришмоқда. Бу халқимиз дастурхони тўкин-сочинлиги, бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
Самарқанд вилоятидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан жорий йилда 3 миллион 76,3 минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилган. Бу аҳолининг ушбу турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини тўла қондириш билан бирга, хорижий давлатларга экспорт қилиш имконини беради. 1 миллион 503 минг тонна сабзавотнинг 640,2 минг тоннасини ички истеъмолга, 519,1 минг тоннасини қайта ишлаш ва 210,5 минг тоннасини экспортга чиқариш режалаштирилган. 124,9 минг тонна полиз маҳсулотларидан 12,4 минг тоннасини, 420,1 минг тонна мевадан 93,9 минг тоннасини, 552,7 минг тонна узумдан 114,1 минг тоннасини экспортга чиқариш белгиланган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси агрофирма ва фермерлар, ишлаб чиқарувчиларнинг бу борадаги имкониятларини янада кенгайтирди. Кўргазма савдо натижаларига кўра, ургутлик деҳқон ва боғбонлар етиштирган 83 минг тонна мева-сабзавот, узум ва бошқа маҳсулотлар хорижга экспорт қилинадиган бўлди. Тумандаги ўнга яқин агрофирма ва корхона Россия, Украина ва Қозоғистонга 106 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар имзолади.
– Туманимиздаги 400 дан ортиқ фермер хўжалиги томонидан етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш, экспорт қилиш бўйича келишувларга эришганмиз, – дейди “Ургут замин соҳибкори” масъулияти чекланган жамияти раиси Орзумурод Саидов. – Шу асосда йил бошидан буён 400 минг долларлик маҳсулот экспортини амалга оширдик. Тошкентда ўтказилган ярмарка ушбу йўналишдаги фаолиятимизни янада кенгайтириш учун қулай имконият бўлди. Тадбирда ўз маҳсулотларимизни намойиш этдик, келгуси режаларимизга оид маълумотлар тақдимотини ўтказдик. Ярмарка иштирокчилари, айниқса, узум ва қуруқ меваларимизга катта қизиқиш билдирди. Шу боис қозоғистонлик тадбиркорлар билан ушбу турдаги маҳсулотларни етказиб бериш бўйича 35 миллион долларлик шартнома туздик. Яқин кунларда буюртманинг ҳўл ва қуруқ мевадан иборат дастлабки қисмини Қозоғистонга жўнатамиз.
Иштихон туманидаги “ЖАФ” фермер хўжалиги ҳам ярмаркада фаол иштирок этди. Хўжаликнинг хорижга 5 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузгани ҳам буни яққол исботлайди.
– Бугун мамлакатимизда фермер хўжаликларини ривожлантириш учун яратилган имкониятлар, давлатимиз томонидан берилаётган кўплаб имтиёз ва енгилликлар фермерларнинг ўз маҳсулотлари билан хорижга чиқиши, халқаро бозорда ҳам ўз ўрнига эга бўлишини тақозо этмоқда, – дейди “ЖАФ” фермер хўжалиги раҳбари Асатулла Жўраев. – Чунки дунё тажрибаси фермернинг фақат ишлаб чиқарувчи эмас, балки маҳсулотни қайта ишловчи ва уни ўзи экспорт қилиш функциясини ҳам бажаргандагина юксак тараққиётга эришишини кўрсатиб турибди. Қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатларда йирик корпорация ва компанияларга ана шундай йўл орқали асос солинган.
Президентимиз раҳнамолигида кўп тармоқли фермер хўжаликларини, жумладан, чорвачилик, мева-сабзавотчилик, боғдорчилик йўналишидаги хўжаликларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шунда. Бугун дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи энг долзарб бўлиб турган бир пайтда биз юртимизнинг бу борадаги имкониятларидан самарали фойдаланиб, юқори натижаларга эришишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам ярмаркада дунёнинг йигирмага яқин давлатидан келган тадбиркорлар заминимизда етиштирилган сархил мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини татиб кўриб, ушбу экинларни парваришлаш жараёни билан танишиб, катта-катта буюртма берди. Дунёда мева-сабзавот етиштирадиган давлатлар камми? Бу Ўзбекистонда, тупроғи олтин, суви зар заминимизда пишиб етилган маҳсулотларнинг таъми, мазаси, сифати ва энг муҳими, инсон организми учун шифобахш хусусиятлари билан боғлиқ, албатта.
Ярмаркада меҳмонларга бу ҳақда тўлиб-тошиб гапириб бердим. Уларни хўжалигимизга таклиф этдим. Тадбир давомида кўплаб ишбилармонлар ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. Улар бизни эмас, биз уларни танлаб келгусида биргаликда ишлашга келишиб олдик. Жумладан, 7700 тонна майиз, нўхат, ловия ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериш бўйича хитойлик ишбилармонлар билан шартнома туздик. Бу буюртмаларни амалга оширишга киришганмиз.
Вилоятдаги бошқа фермер ва тадбиркорлик субъектлари, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам халқаро ярмаркада эришилган келишувлар асосида хорижлик ҳамкорларга маҳсулот етказиб беришни бошлади.