Шароф Рашидов туманида 3,1 миллиард сўмлик табиий газ талон-торож қилингани аниқланди
Ҳозирги кунда мамлакатда энергетика ресурсларидан, жумладан, табиий газдан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, ноқонуний истеъмол ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тизимда шаффофликни кучайтириш бўйича тизимли назорат ишлари амалга оширилмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида ўтказилди. Унда туманидаги “Ch.Y.” МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида (АГТКШ) ўрганиш ишлари олиб борилди.
Текширув давомида ушбу АГТКШдаги ҳисоблаш ускунасига ўзбошимчалик билан ташқи таъсир ўтказилгани аниқланди. Бу ҳолат туфайли табиий газ истеъмоли ҳисоб-китобларида бузилишлар содир этилгани маълум бўлди.
Ҳолат бўйича белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилди. Унга асосан давлат ва тегишли ташкилотларга 3 миллиард 166 миллион сўм миқдорида зарар етказилган.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА