Шанхайда “яшил” энергетика соҳасидаги сўнгги инновациялар тақдим этилди
Яқинда Хитойнинг Шанхай шаҳрида “SNEC PV Power Expo 2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда кўплаб давлатлар вакиллари қаторида ўзбекистонлик соҳа мутахассислари ҳам иштирок этди.
Айниқса, “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига аъзо бўлган “NURA Solar” корхонаси вакиллари учун бу жараён катта тажриба бўлиб, улар қуёш энергетикаси соҳасидаги энг сўнгги инновациялар, юқори самарадорликка эга технологиялар ва замонавий ишланмалар билан яқиндан танишди.
Кўргазма доирасида компания вакиллари халқаро ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказиб, соҳадаги замонавий тенденциялар, инвестициявий имкониятлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди. Бу эса келгусида янги шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш учун муҳим замин яратади.
Тадбир маҳаллий корхоналар учун халқаро тажрибани ўрганиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва соҳа ривожига ҳисса қўшишда муҳим аҳамият касб этди. Бу эса мамлакатимизда “яшил” энергетикани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда экологик барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Уюшма ахборот хизмати раҳбари Намоз Толиповнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА